Иорданиялик 19 ёшли боксчи Рашид ас-Свайсат Польшада ўтган ёшлар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида олган жароҳатидан ўн кун ўтиб вафот этди.
-81 кг вазн тоифасида ҳаракат қилган Ас-Свайсат эстониялик Антон Виноградовга қарши кечган жангнинг учинчи раундида ўзини ёмон ҳис қилган ва ҳушини йўқотган.
Унга рингнинг ўзида тиббий ёрдам кўрсатилган, шундан кейин у шифохонага олиб борилган ва спортчининг миясида жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Орадан бир ярим ҳафта ўтиб Рашид оламдан кўз юмган.
Айни вақтда Польша полицияси воқеа жойида тергов ишларини олиб бормоқда. Ҳозирча спортчининг ўлимига нима сабаб бўлгани номаълум бўлиб қолмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан Иордания Олимпия қўмитаси ва AIBA ташкилоти спортчининг яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Польшада бўлиб ўтган мусобақада ушбу вазн тоифасида ўзбекистонлик Шоҳжаҳон Абдуллаев қатнашди ва бронза медалига сазовор бўлди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)