Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги икки қаватли уйда газ портлаши натижасида бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. «Ҳудудгазтаъминот» ушбу портлашга нима сабаб бўлганини маълум қилди.
Воқеа жойида ФВВ ходимлари билан биргаликда «Ҳудудгаз Тошкент» газ таъминоти филиали ходимлари иш олиб борди.
Ўрганишлар жараёнида маиший эҳтиёж учун табиий газни ўғирлаш натижасида 2 қаватли бинодаги уйлардан бирининг хонасида табиий газ тўпланиши содир бўлгани аниқланди.
Хонадон эгаси ҳисоблагични олиб ташлаб, газ қувурларини канализация сифони орқали улаб қўйиши табиий газ сизиб чиқишига сабаб бўлган. Газ-ҳаво аралашмаси чақнаши натижасида бир киши вафот этган.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ истеъмолчилардан табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузмаслик, маиший фойдаланишда ностандарт газ ускуналари ва қўлбола мосламаларни ишлатмасликни сўраган. Агар табиий газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланса, зудлик билан хонани шамоллатиш ва 104 орқали диспетчерлик хизматига ёки 1104 рақамига қўнғироқ қилишни эслатиб ўтган.
Бундан аввал Қашқадарёда метан заправкада турган Nexia’нинг газ баллони портлаши оқибати бир киши ҳалок бўлгани, Фарғонадаги кўп қаватли уйларнинг бирида газ портлагани ҳамда Жиззахда «мусоровоз»нинг газ баллони портлаши оқибатида йўл чеккасида турган ота-бола реанимацияга ётқизилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)