Ўзбек хонадонларида тайёрланадиган ҳар мавсумга хос таомлар бор. Масалан, баҳорда кўк сомса, Наврўзда сумалак, ёзда гўжа. Боиси, ушбу таомларга ишлатиладиган маҳсулотларни бошқа фаслларда одатда топиш мушкул. Аммо муқаддас Рамазон ойи қайси фаслга тўғри келишидан қатъи назар нишолда, албатта, тайёрланади. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нима учун ширинлик айнан Рамазонда истеъмол қилинади? Унинг қандай фойдали хусусиятлари бор? Бу каби саволларга жавоб топиш мақсадида «Дарё» Тошкент шаҳрининг марказий деҳқон бозорларида нишолда сотаётган сотувчилар билан суҳбатлашди.
Авваллари нишолдасиз тўйлар ўтмаган
Солиҳа Шукурова, «Чорсу» деҳқон бозори сотувчиси:Бухороликман. Ота-боболаримиз сумалакчи, нишолдапаз бўлишган. Мен еттинчи авлодман. 1999 йилдан бери нишолда тайёрлайман. Ҳар сумалак мавсумида, яъни январдан бошлаб оилавий Тошкентга келиб, ‘Чорсу’ бозорида сумалак ва нишолда сотамиз. Май ойида яна Бухорога қайтиб кетамиз.Асл нишолданинг келиб чиқиши Бухорога бориб тақалади. Собиқ Совет иттифоқи даврида вилоятда қизиқ бир одат бўлган. Яъни тўйларда дастурхонларга, албатта, нишолда тортилар эди.
Афсуски, бугун бундай одатлар йўқ бўлиб кетган.
Розия Султонова, «Фарҳод» деҳқон бозори сотувчиси:
30 йилдан бери нишолда тайёрлаб сотамиз. Аввал турмуш ўртоғим тайёрларди. Ҳозир бу иш ўғлимнинг зиммасига ўтган. Ҳозир ўғлим 5-авлод. Бозорда сотиш билан бирга 200 га яқин дўконга нишолдаларимизни етказиб берамиз.Болалигимизда тўй қилинса, дастурхонга, албатта, нишолда қўйиларди. Яна Тошкентда куёв томон келин томонга ошга бир челакдан нишолда берарди. Бизнинг тўйимизда ҳам шундай бўлган. Ошдан кейин ҳамма пиёлада қўйилган нишолдадан еб кетарди.
20 йил олдин ҳам тўйларга буюртма олардик. Хўжайиним олдига қанақа тўй бўлса ҳам келишарди. Бир челакдан нишолда тайёрлаб берардик. Бироқ вақт ўтиб, тўй қилаётганлар нишолданинг ўрнига ҳолва юборишни бошлади.
Ҳозир бу нарсалар йўқ бўлиб кетган. Ҳеч ким дастурхонига нишолда қўймай қўйган.
Гулсум Мавлонқулова, «Чилонзор» деҳқон бозори сотувчиси:
Сирдарё вилоятиданман. 18 йилдан бери вилоятда нишолда тайёрлаб сотаман. Ўғлим Тошкентга кўчиб келган. Ҳозир Тошкентга келиб, ишига ёрдам беряпман. Одатда ўғлим нишолдани тайёрлаб беради, мен ‘Чилонзор’ деҳқон бозорига олиб чиқиб сотаман.Лекин нишолданинг келиб чиқиш тарихи ҳақида ҳеч нарса билмас эканман.
Нишолда нима учун айнан Рамазон ойида истеъмол қилинади? Унинг қандай фойдали хусусиятлари бор?
Розия Султонова:Бу нишолда — ота-боболаримиз еб келган ширинлик. Нишолда таркибида етмак деган ўсимлик илдизи бор. Нишолда овқат ҳазм қилиш тизимини яхшилайди, ичакларни тозалайди. Ошқозон яраси касаллиги бор инсонлар учун жуда фойдали. Бу Ибн Сино китобларида ҳам ёзилган экан.Солиҳа Шукурова:Етмакнинг ўзини кўпиртириб, совун қилиб ҳам ишлатиш мумкин. Уни бир литр сувга солиб, ярми қолгунича яхшилаб қайнатилади. Кейин уни қўлингизга олиб кўпиртириб, ишлатса бўлади.
Ҳар бир одамнинг организмида ҳар хил овқат қолдиқлари бўлади. Сиз ҳар куни қўлингизни ювиб юрасиз, лекин ошқозонингизни юволмайсиз. Ўша нишолда таркибидаги модда ошқозондаги кераксиз чиқиндиларни чиқариб ташлайди.
Ошқозонингиз оғриса, турли дориларни ичасиз. Бироқ овқатдан кейин 2—3 қошиқ нишолда есангиз, кимёвий дорилардан кўра кўпроқ фойдали бўлади. Буни кўплаб шифокорлар ҳам тавсия қилган. Тажрибадан ҳам ўтган.
Масалан, менинг қайнонам 90 ёшга кириб вафот этдилар. Бизнинг дастурхонимизда доим нишолда турарди. Доим истеъмол қилганлар. Ҳозир ҳам музлаткичда доим нишолда туради. Ўзимиз ҳам доим ейишни канда қилмаймиз. Мана ҳеч биримиз семириб кетмаганмиз. Фигураларимиз жойида.
Унинг таркибида етмак деган илдиз бор. У ўсимлик одамнинг ошқозони, ичагини фильтрлайди. Ёш болалар еса, шамоллашининг олдини олади. Бундан ташқари нишолда рўза тутаётганларни оч қолдирмайди.
Қолган суҳбатдош сотувчилар ҳам унинг фойдали хусусиятлари жуда кўплигини, оқлик бўлгани ва одамни кун давомида тўқ тутгани учун нишолда ейилишини таъкидлади. Шу ўринда бир қизиқ савол туғилади. Айтилганидай нишолда шунчалик фойдали ширинлик бўлса, у нима учун фақат Рамазон ойида истеъмол қилинади? Нега бошқа ойларда сотилмайди?
Нишолда фақат Рамазоннинг ширинлиги эмас
Розия хола:Кўпчилик нишолдани фақат Рўзаи Рамазон ойларида тайёрланади ва ейилади деб ўйлайди. Лекин биз мана 30 йилдан бери кимнингдир егиси келиб қолса ёки қўни-қўшнилар, мижозлар буюртма қилса, йилнинг исталган вақтида буюрмага тайёрлаб бераверамиз.Солиҳа опа ва «Чилонзор» деҳқон бозорида савдо қилувчи Камола опаларнинг айтишича, Бухоро ва Қашқадарёда нишолда бутун йил давомида истеъмол қилинади. Аммо негадир Тошкентда эса фақат Рамазон ойларидагина мазкур ширинлик ейилади. Бунинг сабабини сирдарёлик Гулсум опа қуйидагича изоҳлади:Ўтган йили Рамазон ойи карантинга тўғри келганди. Маҳалладан хат-ҳужжат қилиб беришди. Маҳаллаларда ташкил қилинган бозорчаларга нишолдаларимизни тарқатиб чиқдик. Бундан ташқари ‘Элга хизмат’ савдо майдонларига топшириб келдик.
Рамазондан бошқа ойларда тайёрланмаслигига келсак, нишолда тайёрлашда фойдаланиладиган маҳсулотларни топишда муаммо бўлишида эмас. Истаган пайт топса бўлади, лекин ҳавонинг иссиқлиги учун бошқа пайт талаб бўлмайди. Ҳар куни икки кастрюлка нишолда олиб чиқаман. Лекин доим ҳам ҳаммаси сотилавермайди. Бугун мижозларим кўп келиб, тугайди деб умид қиламан.
Нишолда қандай тайёрланади? Унинг энг яхшисини қандай фарқлаш мумкин?
Солиҳа Шукурова:Ҳақиқий нишолда оппоқ бўлади. Қолаверса, таёқни кўтарганда узилмаслиги керак. Узилса, ҳақиқий бўлмайди. Агар музлаткичда сақланса, бир йил ҳам айнимай шундай тураверади.Ҳамма ҳам нишолда қилолмайди. Тайёрлашнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. 92 ёшга кирган онам борлар. Улар бизнинг устозимиз. Ҳозир ҳам билмаганларимизни улардан сўраб қиламиз.
Рецептига келсак, 10 кг шакарни 3 литр сувга солиб, оловга қўйиб қайнатилади. Кейин бир қошиқ лимон кислотаси солинади. 15—20 дақиқа қайнатилиб, олиб қўйилади.
Етмакнинг томири қайнатилиб, сувини олиб қўйилган аралашмага қўшиб, чилчўп ёрдамида 20—30 дақиқа ишлов берилади.
Гулсум Мавлонқулова:
Нишолдани тайёрлашга уч соат вақт кетади. Асосий масаллиқлари: шакар, етмак томири, тухум.10 кг шакарни икки литр сувга солиб қайнатамиз. Қайнаб чиққанидан сўнг лимон кислотаси солинади. Тухумнинг оқи кўпиртирилиб, иссиқ сироп қуйилади ва ҳаммаси яна аралаштирилади. Қозонда яна кўпроқ ушлаб турилиши керак. Биз миксерда, кейин ўзининг таёғидан фойдаланамиз. Меҳнати оғир, шунинг учун, асосан, ўғлим тайёрлайди.
Яхши нишолдани фарқлашга келсак, аксарият харидорлар сариқ нишолдани яхши деб ўйлайди. Оқ ва сариқ нишолданинг фарқи шунчаки қайнатилишига боғлиқ.
Масалан, оқ нишолда кам қайнатилади. Шунинг ҳисобига кўпик бўлиб қолиши мумкин. Сариқ нишолдани кўпроқ қайнатамиз. Сиропи ҳисобига ранги сариқ чиқади. Агар сиропи яхши қайнаган бўлса, нишолда 20 кундан 1 ойгача музлаткичда сифати бузилмай туради.
«Фарҳод» бозори сотувчиси Розия холанинг айтишича, ширинликни тайёрлаш чоғида темир ускуна (миксер)дан фойдаланилса, нишолда ўхшамай қолади.
Биз ота-боболаримиздан қолиб кетган усул — беҳининг новдасидан чилчўплар ясаб, қўлимизда қиламиз. Бошқалар миксерда қилади. Унга темир нарсалар тиқилса, нишолда ўхшамайди.Мис қозонда аввал етмак, кейин тухум чилчўп орқали соатлаб кўпиртирилади. Унга катта куч керак. Эркакларнинг кучи кўп. Аёлларнинг эса қурби етмай нафаси тиқилиб қолади. Шунинг учун, асосан, эркаклар тайёрлайди. Нишолда тайёрлаш аёлларнинг иши эмас.
Қуюқлигига эътибор бериш керак. Худди асалдек қуюқ оқиб турса ва оғир бўлса, у яхши нишолда бўлади. Айримлар етмакни ҳам кўпиртириб, олиб чиқиб сотаверади.
Ҳақиқий нишолда бир йил, ҳатто ундан кўп ҳам туриши мумкин. Агар ҳақиқий бўлмаса, етмаги чўкиб, айниб қолиши мумкин. Мисол учун, бизнинг уйда йил 12 ой нишолда туради. Қўлда қилингани учун чўкиб қолмайди. Музлаткичда сифати бузилмай тураверади.
Савдога келсак, 30 йилдан бери сотаётганимиз учун мижозларимиз кўп. Бир марта олган одам яна қайтиб келади. Даромад ҳам шунга яраша. Доим ҳам олиб келган нишолдамизнинг ҳаммасини сотиб тугатиб кетолмаймиз. Ярмини сотишимиз мумкин, ҳар хил. Кунига 200—300 минг сўм топамиз. Ҳарҳолда рўзғоримиз бут, кам-кўстимиз тўлиб турибди.
Сўнгги вақтларда нишолда истеъмоли 10—20 йил олдинга қараганда анча камайгандек. Бозорда нишолда сотиб олувчи харидорларнинг камлигини кўриб, бунга яна амин бўлдик. Хўш, нега охирги пайтларда одамлар нишолда емай қўйди? Бу ҳақда ҳам сотувчилардан сўрадик.
Розия хола:
Олдинги пайтларда ҳозиргидек ейдиган нарсалар бўлмаган. Ҳозир мураббо, асал, хуллас, ассортимент кўп. Асосан, ёши катта инсонлар ейди. Ҳозирги ёшлар нишолда еб ўрганмаган.«Чорсу» бозори сотувчиси Солиҳа Шукурова эса мазкур саволимизга «одамлар нишолданинг таркибида бунчалик фойдали хусусиятлари борлигини билмайди-да, шунинг учун ейишмайди», деб жавоб берди.Баъзилари нишолда нималигини билмайди ҳам. Бир хиллар келиб, бу нима деб ҳайрон бўлади. Биз унга ўзбек миллий ширинликларидан бири деб тўғри тушунтирамиз. Фойдали хусусиятларини айтамиз.
Хўш, харидорлар-чи? Улар бу борада қандай фикрда? Сотувчилар айтгандек, охирги пайтларда қандолат маҳсулотлари турлари кўпайгани учунми ёки бошқа сабаб сотиб олмаяптими? Биз бозорда харид қилиб юрган юртдошларимизга иккита савол билан мурожаат қилдик: Сиз нишолдани яхши кўрасизми? Бу Рамазон ойида нишолда ейишга улгурдингизми?
Нурхон хола: Ёшим 70 да. Аввалари ердим, аммо ҳозир соғлиғим кўтармайди. Томоғимни қичитади, аллергия беради. Шунинг учун ҳозир умуман нишолда емайман.
Муяссар хола: Мен нишолдани яхши кўриб ейман. Лекин келинларим, ўғилларим емайди. Асосан, ўзим Рамазонда ейман. Ўзи бошқа пайт бўлмайди-ку.
Шоҳиста опа, 45 ёшда: Нишолдани яхши кўраман. Ҳар Рамазонда истеъмол қиламан. Нишолда тухумдан қилинади. Еган одамни кун давомида тўқ тутади. Ўзи тухумни қайнатиб есангиз ҳам қанча фойдали. Ўзи бир ойгина рўзада ейиладиган ширинлик бўлса, албатта, оилавий истеъмол қиламиз.
Одил, 28 ёшда: Уйдагиларим унча ёқтирмайди. Лекин мен ширинликни яхши кўрганим учун нишолдани севиб истеъмол қиламан. Рўзада одамни тўқ тутади. Шунинг учун доим ейман.
Чарос, 27 ёшда: Болалигимизда кимдир тўй қилса, нишолдачини махсус чақиртириб, уйда нишолда тайёрлатишарди. Бир куни укамнинг хатна тўйига биз ҳам нариги маҳалладаги нишолдачи амакини чақиртирдик. Умримда биринчи марта нишолда қандай тайёрланишини кўргандим. Амаки қўлига чилчўпни олиб, тухум оқига олдидаги шакардан кам-камдан солиб, тинмай аралаштирар, ора-орада қақраган томоғини ҳўллаш учун бир пиёла чой ичарди. Кўз ўнгимда оппоқ, кўпирган ширинлик пайдо бўлгани сари завқим қўзиб, нишолдачининг ёнидан жилолмасдим. Амакининг қўллари мўъжизакор туюларди.
Тўйга махсус тайёрлангани учунми, мазаси ҳам бошқача бўлар, бозорда сотиладиган ширинликка мутлақо ўхшамасди. Энг қизиғи, бу ширинлик бугун Рамазон ойи таомига айланиб бўлган. Кўпчилик нишолдани кўрса, муқаддас ой келганини, болаликда тўйиб-тўйиб, ойисидан беркитиб, овқат ўрнига нуқул нишолда еганини эсласа керак.
Ҳозир эса тўй-томоша, маросимларда дастурхонга деярли тортилмайдиган бўлди. Ўзим ҳам умуман емай қўйганман.
Репортажимиз давомида нишолда фақат Рамазоннинг ширинлиги эмаслиги, уни йилнинг истаган пайтида нафақат бозорлардан, балки катта супермаркетлардан ҳам топиш мумкинлигига амин бўлдик. Бироқ шунга қарамай нишолда аксарият ўзбекистонликлар учун Рамазоннинг рамзларидан бирига айланиб қолган.
Мана муқаддас ойнинг деярли ярмига ҳам яқинлашиб қолдик. Сизга ҳам ўша саволлар билан юзланмоқчимиз:
Нишолдани яхши кўрасизми? Бу Рамазон ойида нишолда ейишга улгурдингизми?
Хонзодабегим Аъзамова
Дилшод Шарипов
Изоҳ (0)