2021 йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистонга ташриф буюрган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев билан учрашувда Ўзбекистонда инқилобий ўзгаришлар бўлаётганини қайд этган. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов 19 апрель, душанба куни ўтказилган брифингда сўз юритди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Асадовнинг айтишича, учрашувда Анн Линде хоним Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини, улар Швециянинг ЕХҲТдаги раислигининг устувор йўналишларига тўлиқ ҳамоҳанг эканини, сўнгги йилларда мамлакатда инқилобий ўзгаришлар бўлаётгани, Шавкат Мирзиёев ташаббуси туфайли Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муҳити шаклланганини таъкидлаган.
«Президент ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Парламент ассамблеяси тўлақонли миссиясини бўлажак сайловларни кузатиш учун Ўзбекистонга таклиф этди. ‘Бу борада бизга холисона баҳо керак’, деди давлатимиз раҳбари», — дея Президентнинг учрашувдаги нутқидан иқтибос келтирди Шерзод Асадов.
Учрашувда Анн Линде хоним билан Ўзбекистон—Швеция муносабатлари ҳам муҳокама қилинган. Шавкат Мирзиёев бу борада улкан салоҳият борлиги, лекин ундан фойдаланилмаётганини айтган. Анн Линде Ўзбекистондаги «темир дафтар», «аёллар» ва «ёшлар» дафтарлари ҳам ижтимоий ривожланишга қаратилган ноёб тажриба эканини, аҳоли учун «ижтимоий лифт» бўлишини қайд этган.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)