Наманганда 2021 йил 24—31 май кунлари халқаро «Гуллар фестивали» бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Олтмишинчи бор нишонланаётган байрамни юқори савияда ўтказиш бўйича жорий йил 10 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши қабул қилинди. Бош вазир Абдулла Арипов имзолаган ҳужжатда қайд этилишича, фестиваль ўтадиган жойларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига алоҳида ҳудудлар ажратилади.
Тадбирга хорижий давлатлардан маҳоратли гулчилар, экибана санъати усталари, ландшафт дизайнерлари таклиф этилади.
Наманган шаҳрининг асосий кўчаларида гуллар билан безатилган 150 та автомобиль иштирокида байрам паради ўтказилади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ва унинг атрофида гуллар кўргазмалари ҳамда сотуви ташкил этилади. Гулчилик санъатига оид фильмлар, китоблар, альбомлар ва фотосуратлар намойиш этилади.
Маълумот учун, фестиваль доирасида Наманганда жами 10 миллион дона гул экилиши кўзда тутилган. Биргина Наманган шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан шу кунгача 700 мингдан ортиқ гул ўтказилган.
Изоҳ (0)