Юнусободда оилавий ажримлар сонини камайтириш учун «менталитетга тўғри келмайдиган» сериал ва фильмлар намойишини тўхтатиш таклиф қилинди
Юнусобод тумани ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов тумандаги масжид имомлари иштирокида оилаларда ажримнинг олдини олиш масаласи юзасидан учрашув ўтказди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда қатор масалалар муҳокама қилинган, жумладан, ажримлар сонини камайтириш борасида қуйидаги таклифлар киритилган:
оила қуриш остонасидаги иккала ёшни ҳам никоҳдан аввал имомлар томонидан 3 ойлик ўқув дарсларида ўқитиш;
оила тушунчасини мактабдан бошлаб алоҳида дарс сифатида киритиш;
ахлоқий жиҳатдан ўзбек минталитетига тўғри келмайдиган телесериал ҳамда кинофильмларни эфирга узатмаслик.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев олдинлари бирор оила ажрашса, маҳаллада дув-дув гап бўлиши, бутун маҳалла оёққа туриши, ажрим — бу катта фожиа эканини айтиб ўтганди. «Албатта, барчамизнинг истагимиз, тилагимиз битта: қани энди, юртимизда ажрим деган нохуш ҳолатнинг ўзи бўлмаса... Оилалар пароканда, болалар тирик етим бўлиб, сарсон-саргардон бўлмаса... Мен бир фикрни қайта-қайта айтишдан чарчамайман. Оила – бу меҳр ва бахт қўрғони. Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, инсоний қадр-қиммат ва маънавият бор», — деган эди давлат раҳбари.
Изоҳ (0)