Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров «Salom live YouTube» каналига берган интервьюсида бошига тушган оғир мусибатлар ҳамда 50 ёшида янги ҳаёт бошлагани ҳақида сўзлаб берди.
«У даврларга қайтилганда қалбим бир тўлқинланади. Чунки агар ҳаёт бўлганида ўғлим Баҳрулложон бу йил 26 ёшга кирарди. Пешонамизга сиғмади. Биринчи бой берган инсонимиз Баҳрулложон бўлди. У 2012 йилда жуда кам учрайдиган геморрагик инсульт касаллигидан вафот этди. Ҳали уни зарбалари оқибатлари тугамасдан турмуш ўртоғим Хуршидахонни тупроққа топширдик. Ҳали бу икки инсонимнинг тупроғи совимасдан онам ҳам вафот этди. Шунда ўйладимки, ҳақиқатан инсонни жони темирдан ҳам қаттиқ экан. Инсон руҳияти бақувват бўларкан. Йиллар давомида уларни эслаб, йиғлаб юрдим. Мени бу ҳолатдан олиб чиқиб кетган инсон Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов бўлди. Фотиҳада ўтирганимизда бошқалар менга тасалли беришга уринарди. Ғуломжон ака эса келиб, ‘Менга ҳиққиллама’ деди. Улар ҳам бир кунда икки фарзандини тупроққа қўйган. ‘Уч кун ўтади, ишингга борасан, тўйларга чиқасан, ўлмайсан’, дедилар. ‘Ўлганимда мен ўлардим’ дедилар. У инсон мени ғамларга чулғанмаслигим учун атай қаттиқ гапирди», — дейди Оролмирзо Сафаров.
Шунингдек, таниқли ҳофиз 50 ёшида яна бир бор оталик бахтига сазовор бўлгани ҳақида ҳам гапирди.
«Сайёрахон исмли кейинги турмуш ўртоғим билан ўғил фарзандли бўлдик. Нақ 50 ёшимда Аллоҳ фарзанд ато этди. Бахтли кунларимдан нишона сифатида ўғлимнинг исмини Бахтиёр деб қўйдим», — дейди Оролмирзо Сафаров.
Мавзуга доир: Таниқли актёр Турғун Бекназаров 63 ёшида яна ота бўлди
Изоҳ (0)