Twitter ўтган ойлар давомида Clubhose ижтимоий тармоғини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб борган, деб хабар берди Bloomberg.
Агентликнинг ёзишича, томонлар компаниянинг тахминан 4 миллиард долларга сотилишини муҳокама қилган. Лекин ҳозир музокаралар олиб борилмаяпти, эҳтимолий келишув нима учун тўхтаб қолгани аниқ эмас.
Twitter вазиятга изоҳ беришдан бош тортди, Clubhouse эса нашрнинг саволига жавоб бермади.
6 апрель куни Bloomberg агентлиги Clubhouse’нинг инвестициялар жалб қилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида маълум қилди. Лекин пулнинг қанчалиги ва инвесторнинг кимлиги ҳақида хабар берилмади.
Clubhouse 2020 йилда ишга туширилган ижтимоий тармоқ бўлиб, ундаги мулоқотлар аудиочатлар ёрдамида олиб борилади. Дастурга ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг таклифи ёки рўйхатдан ўтиш навбатини кутиш орқали кириш мумкин.
Февраль ойида WhatsApp ва Facebook’дан кейин Clubhouse учинчи энг кўп юклаб олинган дастур бўлди. Март ойининг ўрталарида Clubhouse дастурининг юклаб олинишлари сони 12,7 миллионга етди.
Апрель ойининг бошида ижтимоий тармоқ бир фойдаланувчининг бошқа фойдаланувчига тўловларни тўғридан-тўғри амалга ошириш имкониятини йўлга қўйганини эълон қилди. Шу билан бирга, Clubhouse ўзининг ҳамкори Stripe тўлов тизими жўнатувчидан оз миқдорда комиссия тўлови ундириши ҳақида огоҳлантирди, лекин ижтимоий тармоқнинг ўзи транзакциялардан фоиз олмоқчи эмас.
Изоҳ (0)