Украина президенти Владимир Зеленский 2020 йилда 22,7 миллион гривна (ҳозирги курс бўйича, тахминан, 815 минг доллар) ишлаб топди. Бу ҳақда Украина президенти девони эълон қилган даромадлар декларациясида маълумот берилди, деб ёзмоқда «РБК».
2019 йилда Зеленский 1,06 миллион доллардан ортиқ даромадини декларация қилган эди. Шундай қилиб, бир йилда унинг даромади деярли тўртдан бир қисмга камайди.
Янги декларацияга кўра, Зеленский Киев яқинидаги Иванковичи қишлоғидаги кўчмас мулк ва ерларнинг сотувидан 13,5 миллион гривна (тахминан, 485 минг доллар) миқдорида даромад олган. Президентнинг йиллик маоши эса 36 минг гривнани (12 минг доллар) ташкил қилган.
Шунингдек, Зеленский 4,6 миллион гривна (165 минг доллар) миқдоридаги роялти даромадларини (патентлар ва муаллифлик ҳуқуқларидан фойдаланиш учун компенсация) ҳам декларация қилган. 2020 йилда Зеленский Украина ҳудудидаги кўчмас мулклари ижарасидан 2,6 миллион гривна (95 минг доллар) даромад олган. Бундан ташқари, у ички давлат қарзлари бўйича депозитлар ва облигациялардан 442 минг гривна (15 минг доллар) миқдоридаги улушга эга бўлган.
Зеленскийнинг турмуш ўртоғи Елена эса 2020 йилда 953 900 гривна (34 минг доллар) маош ва роялти даромадларини олган.
«Зеленский янги кўчмас мулк — давлат дала ҳовлисини декларация қилди, у ерга давлатнинг мажбурий ҳимоясини таъминлаш зарурати билан боғлиқ вазиятларда кўчиб ўтиш мумкин», — дейилади хабарда.
Шунингдек, декларацияга кўра, Зеленский бир қатор савдо белгиларининг эгаси бўлиб қолмоқда. 2020 йилда у Украинада 13 та, чет элда иккита савдо маркасини рўйхатдан ўтказди. Президент матбуот хизматининг ёзишича, уларни рўйхатдан ўтказиш Зеленскийнинг давлат раҳбари лавозимига сайланишидан олдин бошланган.
Коррупциянинг олдини олиш миллий агентлиги сайтида эълон қилинган Зеленскийлар оиласининг декларациясига кўра, Киевда президентнинг бир нечта квартираси ва автотураргоҳлари бор. Турмуш ўртоғи Елена эса Қрим ҳудудида 129,8 квадрат метрли квартирага эгалик қилади (Қрим 2014 йилда Россия таркибига кирган бўлса-да, декларацияда ушбу мулк Украина ҳудудида жойлашган деб кўрсатилган). Шунингдек, Зеленскийлар жуфтлиги Буюк Британияда ҳам квартира ижарага беради.
Зеленскийнинг қимматбаҳо буюмларидан Breguet, Tag Heuer, Rolex брендларининг қўлсоатлари, Еленанинг эса Bovet ва Breguet қўлсоатлари, шунингдек, Graff брендига тегишли зираклари ва бриллиант узуклари декларация қилинган.
Президентнинг 2016 йилда ишлаб чиқарилган Land Rover автомобили бор, унинг хотини эса 2014 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz S 500 маркаси ҳайдайди. Президент оиласининг банк ҳисоб рақамларида 4,7 миллион гривна (168 минг доллар), 125 минг доллар ва 10 минг евродан ортиқ пул маблағлари сақланади.
Президент ва биринчи хонимнинг 5 миллион гривнадан (179 минг доллар) ортиқ облигациялари бор. Елена Зеленская Aldorante Limited (Кипр), Film Heritage Inc. (Белиз) ва San Tommaso S.R.L. (Италия) каби компанияларда бенефициар (фойда олувчи) ҳисобланади. Зеленский фойдали моделлар ва ихтироларнинг патентларига, шунингдек, товар белгиларининг муаллифлик ҳуқуқларига эга.
2020 йилда Зеленскийнинг маоши унинг девони раҳбари Андрей Ермакникидан камроқ бўлди. Унинг даромадлар декларациясига кўра, у 2020 йилда 444,5 минг гривна (16 минг доллар) ишлаб топган. Ермак бир қатор юридик шахсларни бошқаради ва бир нечта жамоат ташкилотларининг ҳам аъзоси ҳисобланади. Унинг 107,8 квадрат метр майдонга эга квартираси бор. 2020 йилда Mercedes-Benz S-Class 350 d 4MATIC L автомобилини сотиб олди.
Аввалроқ Украинада учта телеканал ёпиб қўйилгач, «Мухолифат платформаси — Ҳаёт учун» партияси раисдоши Вадим Рабинович Олий Рада минбарида туриб, президент Владимир Зеленскийга нисбатан импичмент жараёни бошланишини маълум қилди. Бунга президентнинг «112», ZiK ва NewsOne телеканалларига қарши санкциялар киритиш қарори сабаб бўлди.
Маълумот учун, Франциянинг собиқ президенти, илгари коррупцияда айбланиб судланган Николя Саркози яна судга тортилиши ҳақида хабар берилди, бу сафар у 2012 йилги сайловолди кампаниясини ноқонуний молиялаштириш ва фирибгарликда айбланмоқда. Хабарга кўра, Саркозининг муваффақиятсизликка учраган сайловолди кампаниясида митинглар ва тарафдорлар билан учрашувларнинг ҳаддан ортиқ дизайни учун сарфланган пуллар лимитдан 24 миллион долларга ошиб кетган.
Беларусь президенти Александр Лукашенко эса интернетда жойлаштирилган унинг ҳашаматли ҳаёти ва бойликка интилиши ҳақидаги фильмни ёлғон, уйдирма деб атади.
Изоҳ (0)