Америкалик архитектор Келли Уистлер саҳрода жойлашган футуристик гараж лойиҳасини тақдим этди. Икки қаватли бино лифт билан жиҳозланган бўлиб, у интерьернинг асосий элементи — GMC Hummer EV электропикапининг ҳаракатланишига имкон беради, деб ёзади Motor.
Лойиҳа муаллифининг сўзларига кўра, футуристик Hummer Concept Garage саҳрода жойлашган. Бироқ хоҳишга кўра, икки қаватли бинони шаҳар шароитида ҳам мослаштириш мумкин. Гараж интерьери ўзида Hummer EV дизайнига ишора қилувчи визуал элементларни мужассамлаштирган. Кўтариладиган дарвоза, шунингдек, шаффоф том ҳам айнан шу услубда яратилган. Бинони қоплашда ишлатилган материаллар сабаб электропикап атрофдаги маконга уйғунлашиб кетади.
Гаражнинг асосий янгилиги айлана лифт бўлиб, у подиум шаклида ишланган. Электромоторлар ёрдамида постамент Hummer EV’ни иккинчи қаватга кўтаришга қодир. Лойиҳада ушбу ҳудуд яшил зона сифатида кўрсатилган. Архитекторларнинг фикрича, бу каби ечим уйда истиқомат қилувчиларга электропикапнинг ҳақиқий чиройидан баҳраманд бўлишга ёрдам беради.
Айни вақтда мазкур лойиҳа фақатгина виртуал модель кўринишида бўлиб, ушбу футуристик гараж реал ҳаётга татбиқ этилиш ёки этилмаслиги ҳозирча номаълум.
Изоҳ (0)