Профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида (-63,5 кг) рингга чиқаётган ўзбекистонлик Шаҳрам Ғиёсов (10-0, 8 КО) 3 апрель куни Тошкентдаги Humo Arena’да ташкил этиладиган бокс кечасида рингга кўтарилади.
Рио—2016 Олимпиадаси совриндорига мексикалик боксчи Патрисио Лопес Морено (28-4, 20 КО) рақиб бўлади, дея хабар қилмоқда ўзбекистонлик инсайдер Жалол Аҳмедов. Унда Ғиёсов WBA International камарини ҳимоя қилади.
Аввалроқ Ғиёсовга 3 апрель кунги жангда Иса Чаниев (14-3, 6 КО) рақиб бўлиши айтилганди. Маълумотларга кўра, россиялик спортчи Тошкентга келишни хоҳламаган.
Мазкур бокс кечасининг асосий жангида Муроджон Аҳмадалиев (8-0, 6 КО) Рёсуке Ивасага (27-3, 17 КО) қарши беллашувда WBA ва IBF камарларини ҳимоя қилади.
Шунингдек, мазкур бокс оқшомида Исроил Мадримов, Баҳодир Жалолов, Элнур Абдураимов, Санжар Турсунов каби ўзбекистонлик боксчилар жанг қилиши кутилмоқда. Шу кечада Иқболжон Холдоров ва Миразизбек Мирзахалилов проф боксдаги дебютини ўтказади.
Ғиёсов сўнгги жангини 2020 йилнинг августида Уистон Кампосга қарши ўтказган ва уни учинчи раунддаёқ нокаутга учратганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)