Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида карантин чоралари кучайтирилиши билан боғлиқ миш-мишларга ойдинлик киритди.
«Январь ойидан буён коронавирусга олинган тест натижаларини таҳлил қилсак, 0,1 фоиз ҳолатда касаллик аниқланяпти. Уларнинг аксарияти симптомсиз кўринишда бўлгани учун уй шароитида даволаняпти.
Куни кеча ўтказилган халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида қабул қилинган қарорда бирорта янги, кучайтириш бўйича банд йўқ.
Бугун фақатгина мавжуд талаблар устидан назоратни кучайтириш масаласи кўриляпти. Талаб этилаётган энг асосий уч нарса — ниқоб тақиш, қўл ювиш, ижтимоий масофани сақлаш», — деди Алимов.
Эслатиб ўтамиз, 14 март куни Ўзбекистонда декабрдан бери биринчи марта бир кунда 100 дан ортиқ одамда коронавирус аниқланиб, шундан 93 таси Тошкент шаҳрида қайд этилганди. Пойтахтда коронавирусга чалиниш ҳолатлари, асосан, ўқувчилар, талабалар ва ташкилот ходимлари орасида кўпайган. Хусусан, Тошкентдаги 77 та мактабда ўқувчилар орасида коронавирус инфекцияси аниқланган, 117-сонли боғчада икки нафар тарбиячи ва болаларда коронавирус аниқлангани сабаб мазкур боғча вақтинча ёпилди.
Бундан аввал Тошкент шаҳридаги такси ва қурилиш соҳасида карантин чоралари кучайтирилиши, пойтахт ҳокимлиги ва унинг тизимидаги барча тузилмаларда турли йиғилишларни ўтказиш тақиқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкентдаги айрим мактабларда ўқиш босқичма-босқич масофавий шаклга ўтказилмоқда, бозор ва савдо марказларида карантин талаблари кучайтирилди.
Изоҳ (0)