Ўзбекистон аҳолисининг атиги 10 фоизи 4G интернети билан қамраб олингани маълум бўлди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Элмурод Ҳайитметов 15 март куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Элмурод Ҳайитметовнинг айтишича, агентлик томонидан давлат алоқа инспекцияси билан биргаликда уяли алоқа компаниялари қамрови ўрганилган. Ўрганиш натижасида мамлакатда 13 мингга яқин аҳоли пункти мавжудлиги, уларнинг 90 фоизи 2G, 35-36 фоизга яқини 3G ва атиги 10 фоизи 4G интернет тезлиги билан қамраб олингани маълум бўлди.
Бу таҳлиллар ўз навбатида тегишли мутасадди идораларга тақдим этилган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директорининг таъкидлаб ўтишича, Ўзбекистонда 30 миллиондан ортиқ киши уяли алоқа хизмати абоненти ҳисобланади. Агентлик томонидан уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилган.
Хусусан, уяли алоқа компанияларининг бирига 35 миллиард сўмга яқин жарима қўлланилган, истеъмолчиларнинг рухсатисиз, улар талаб қилмаган хизматларга улаб қўйилган 2 миллионга яқин абонентларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланган ва 35 миллиард сўмга яқин маблағ уларнинг ҳисоб рақамларига қайтарилган.
Изоҳ (0)