Мўғулистонда қум бўрони оқибатида олти киши ҳалок бўлди, яна 80 дан ортиқ одам бедарак йўқолди. Бу ҳақда CGTN телеканали мамлакат Фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб хабар бермоқда.
Қурбонлар орасида беш нафар чўпон ва бир ёш бола борлиги айтилмоқда. Шунингдек, 548 киши бедарак йўқолган, уларнинг 467 нафари топилган, айни пайтда қутқарувчилар 81 кишини қидирмоқда.
Мўғулистон ғарбидаги баъзи ҳудудларда қум бўрони натижасида электр энергиясининг кенг кўламли узилишлари кузатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта охирида Форс кўрфази мамлакатларига, шу жумладан, Қатар ва Саудия Арабистонига, 15 март куни эса Хитой пойтахти Пекинга кучли чанг ва қум бўрони ёғилди. Форс кўрфази мамлакатларида ўтган дам олиш кунлари об-ҳаво туфайли фуқаролик ва ҳарбий авиация фаоллиги камайган. Манбаларга кўра, чанг бўрони туфайли Саудия Арабистони Ҳарбий ҳаво кучлари парвозлари бекор қилинган. Пекин аэропортида 15 мартга режалаштирилган 1141 та рейснинг 247 таси, Дасин аэропортида эса 846 та рейснинг 181 таси бекор қилинган.
Изоҳ (0)