Италиянинг Калабрия провинциясидаги Ндрангета мафия гуруҳининг энг кўп қидирилаётган бошлиқларидан бири Барселонада ҳибсга олинди. Бу ҳақда Италиянинг ANSA агентлиги хабар берди.
35 ёшли Жузеппе Ромео Европага кокаин етказиб беришда муҳим роль ўйнаган. Наркотик савдоси билан шуғуллангани учун мафия сардори 20 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Италия Ташқи ишлар вазири Лучано Ламоржезенинг таъкидлашича, жиноятчининг қўлга олиниши Европага энг йирик кокаин етказиб берувчиси ҳисобланувчи Ндрангета мафиясига жиддий зарба бўлди.
Январь ойида Италиянинг Ламеция-Терме шаҳрида Ндрангета мафияси аъзоларининг сўнгги 30 йил ичидаги энг йирик суд жараёни бошланди. Уюшган жиноятчиликда гумон қилинган 355 киши, шунингдек, улар билан тил бириктиришда айбланган мансабдор шахслар, тадбиркорлар ва адвокатлар устидан суд жараёнлари олиб борилди. Айбланувчиларнинг исмлари уч соат давомида ўқиб эшиттирилди.
Шунингдек февраль ойида Италияда ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ўтказилган иккита махсус операция давомида мамлакатдаги энг қудратли Ндрангета мафиясининг жами 45 нафар аъзоси ҳибсга олинган эди.
Изоҳ (0)