10 март куни Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлиси олдидан «Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси» йиғилиши ўтказилди. UzNews’нинг маълум қилишича, унда қизларни эрта турмушга бериш ва қариндош-уруғ ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳисоботи тингланди.
«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтининг директори Нодира Эгамбердиеванинг маълум қилишича, Ўзбекистонда «оиланинг бахтлилик индикатори» ишлаб чиқилмоқда. Шу мақсадда «Бахтиёр оила» веб-сайти яратилмоқда. Сайт бахтиёр оила қандай бўлиши, нима қилиш кераклигига қаратилган. Фойдаланувчиларга оилаларда айрим мавжуд маиший камчиликларни ҳал қилиш йўллари ҳам кўрсатилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Нодира Эгамбердиева институт томонидан эрта никоҳга ундовчи омиллар сабаблари ўрганилаётганини таъкидлаб, тегишли қарор асосида тез орада «Бибихоним» мактаблари тузилишини маълум қилди.
«Бунинг концептуал асосларини ишлаб чиқяпмиз. Бу мактабларда асосан 5-6 йўналишда, ўсмир ёшдаги қизларни ҳаётга тайёрлаш, уларда етакчилик сифатларини шакллантириш, турли ечим ва қарорлар қабул қилиш борасида қизлар ўқитилади», — деган Нодира Эгамбердиева.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларини ташкил этишни таклиф қилганди. Бу ҳақдаги ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси 2019 йилнинг ноябрь ойи ва 2020 йилнинг июнида муҳокама учун эълон қилинганди.
Сенатор Дилором Тошмуҳамедова Тошкент вилоятида сўнгги икки йилда вояга етмаган қизларнинг ҳомиладор бўлиб қолиши икки баробарга кўпайганини айтганди. Шуҳрат Ғаниев баъзи оталар қизларини турмушга беришда шошма-шошарликка йўл қўйиши оилалар ажримига таъсир қилишини билдирган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 сентябридан никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланган (илгари аёллар учун 17 ёш бўлган).
Изоҳ (0)