Ўзбекистонда эмланган фуқароларга бу тўғрисида сертификат берилади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев маълум қилди.
«Бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга шприс таъминоти, хавфсиз қутилар таъминоти ва бошқалар учун республикамизда 6 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ажратилган ва харидлар амалга ошириляпти. 10 мингдан ортиқ вакцинаторлар, патронаж ҳамширалари, 33 мингдан ортиқ шифокорлар вакцинацияга тайёргарлик кўришяпти.
Биринчи навбатда, эмланадиган аҳоли вакилларини электрон рўйхатга олиш ишлари олиб бориляпти. Янги emlash.uz деб номланган сайт яратилди. Вакцина олган фуқаролар бу сайтда рўйхатдан ўтказиб борилади. Уларга эмланганлик ҳақида тегишли сертификат ҳам берилади», – деди Баҳодир Юсупалиев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга қарши илк вакцина сифатида Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган вакцина 1 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Ўзбекистоннинг ҳиссаси ва саъй-ҳаракатларини инобатга олиб, компания ZF 2001 вакцинани бирга яратган ҳаммуаллиф мамлакат сифатида белгилади. Ушбу янги вакцинани ZF-UZ-VAC 2001 номи билан ишлаб чиқариш ва фойдаланишга келишилган.
Вакцина коронавируснинг «британча» ва «африкача» штаммларига қарши Moderna вакцинасидан олти баробарга яхшироқ бўлиб чиққани маълум қилинган.
Хитой компанияси мазкур вакцинани ҳамкорликда ишлаб чиқариш учун Ўзбекистонда фаолият юритаётган бир қатор фармацевтика корхоналари фаолиятини ўрганиб, лаборатория ҳамда техник ва ишлаб чиқариш қувватларини инобатга олиб, Jurabek Laboratories МЧЖ қўшма корхонасини танлаган.
Ушбу вакцина 1 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Кейинроқ Ўзбекистон коронавирусга қарши 1 млн доза ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасини сотиб олиш бўйича келишувга эришди.
Бундан ташқари, Россия ташқи ишлар вазири «Спутник V» вакцинаси Ўзбекистонда рўйхатга олинганини айтди. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги эса «Спутник V» вакцинасини рўйхатдан ўтказиш жараёни ҳали давом этаётганини маълум қилди. Вакцинани оммавий қўллаш жараёнига 17 февраль куни рухсат берилган эди.
Шунингдек, Ўзбекистон COVAX дастури доирасида 2,6 миллион доза AstraZeneca вакцинасини олиши маълум қилинган.
Изоҳ (0)