Бир вақтлар онажонлар учун севимли бўлган — оқ фондаги қора ёки қора фондаги оқ хол-хол принт мазкур мавсумда такрор урфда. Ҳеч қачон модадан қолмайдиган ва ўзига хос услубда кийинишингизга сабаб бўладиган хол-хол кийим кечаклар билан қандай образлар яратиш мумкинлиги ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Ушбу принтни нафақат либос ва кофталарда, балки шим ва аксессуарларда ҳам учратиш мумкин. Айниқса, хол-хол принтли капрон колготкалар баҳор учун асосий must have саналади.
Образ яратиш учун принт ёки унинг фонидаги рангга мосланган оёқ кийим кийиш тавсия қилинади. Фақатгина кеда ва учли туфлилар билан чекланманг, ноодатий пойабзал моделларига ҳам эътибор қаратинг.
Баҳорда ҳаво ҳароратининг ўзгариб туриши тез-тез кузатилади. Шундай салқин кунларда кенг бичимли либосни водолазка ва ихчам бўлган ботинкалар билан кийинг.
Хол-хол блузка билан жинси ёки бошқа бир безаксиз юбка кийишингиз мумкин. Ёки аксинча, юбканинг хол-холли модели билан оқ ёки бичими эркакларникини эсга соладиган кофталар кийса бўлади.
Бир образнинг ўзида бир нечта принтларни умумлаштирса ҳам бўлади. Ошириб юбормаслик учун эса принт иккитадан кўп бўлмагани яхши.
Қолаверса, тамоман бошқа рангда кийиниб, образни хол-хол принтли аксессуар: сумка, туфли ёки ободок билан бойитиш мумкин.
Изоҳ (0)