Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти ҳамда Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиши масаласи юзасидан ўз муносабатини билдирди, деб хабар беради «Gazeta.uz».
«Халқаро ҳамжамиятга ҳар қандай қўшилиш шахсий суверенитетингизни чеклаш демакдир. Бу аксиома. Ўзбекистоннинг эҳтиёткорлиги ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий фаолиятни олиб бориш ҳамда ташқи ҳамкорларимизни аниқлашда мустақилликни қандай қилиб сақлаб қолиш мумкинлиги бўйича эди. WТО [Жаҳон савдо ташкилоти]га аъзо бўлишда бу каби муҳим масалалар йўқ. У ерда ўзимизнинг манфаатларимизни ҳимоя қилиш бўйича жуда аниқ механизмлар мавжуд. Нима учун ҳозир музокаралар жуда узоқ давом этмоқда? Чунки у ерда Ўзбекистон ўзининг иқтисодий ривожланиш даражасини ҳисобга олган ҳолда ўз манфаатларини ҳимоя қилиши ҳамда бошқа мамлакатлар — савдо ҳамкорлари томонидан ютиб юборилмаслиги учун жуда аниқ позициялар яратилмоқда», — дея таъкидлаган Содиқ Сафоев.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари ЕОИИ етарлича ўрганилмагани боис Ўзбекистон аввалига кузатувчи мақомида унга қўшилганини айтди.
«ЕОИИ нуқтаи назаридан бу механизм етарли даражада ўрганилмаган. Шунинг учун аввал кузатувчи бўлишга қарор қилинди. Бу ёғда қовурилиб, механизмини кўриш учун. Шундан сўнг қарор қабул қиламиз, албатта, жамоатчилик билан бирга», — дейди у.
Журналист Кирилл Альтман «жамоатчилик ‘бу Ўзбекистонни Россияга янада қарам қилиб қўядиган сиёсий қарор, бу СССРни янги форматда қайта жонлантириш, бу ортга йўл мавжуд бўлмаган иттифоқ’ дея таъкидламоқда, бу гапларда қанчалик жон бор?», дея савол берган.
«Албатта, бундай фикрларни парламентда ҳам ўрганиб чиқдик. Биласизми, биз 27 йилдан бери бундан ўзимизни узоқлаштирганмиз. Бунинг натижасида ҳеч қандай яхши нарсага эришмадик. Бизда саволлар кўп. Мен ҳар доим бугунги кунда ўзлари учун ҳуқуқий майдонда эмасликлари ноқулайлик туғдираётган Россия, Қозоғистон ва бошқа жойлардаги миллионлаб одамларимиз ҳақида ўйлайман. Мен бу ерда қолиб, ўз боқувчиси ва ота-онасини кутаётганлар ҳақида ўйлайман», — дейди сенатор.
Бундан ташқари, суҳбат чоғида халқаро такшилотларга аъзо бўлишнинг асосий талабларидан бири саналмиш — судлар мустақиллигига ҳам тўхтаб ўтилган.
«Бу хорижий инвесторлар ҳамда иттифоқ учун ҳам муҳим қисмлардан бири ҳисобланади. Судларнинг мустақиллиги айнан ҳозир жуда муҳим. Ишонинг, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш бўйича интенсив ишлар олиб борилмоқда. Шу жумладан, инглиз қонунининг элементларини иқтисодий секторга киритиш масаласи, қолаверса, бу бўйича бошқа давлатларнинг тажрибаси ҳам ўрганиляпти. Буни қўллаб-қувватлаётганлар ҳам, унга қарши чиқарётганлар ҳам бор. Лекин ҳамма тушуниб турибди, суд ҳокимиятининг мустақиллигисиз жамият барқарор ривожланмайди», — деди Сафоев.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 11 декабрь куни бўлиб ўтган Евросиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) видеоанжуман шаклидаги саммитида Ўзбекистон ва Кубага ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинганди.
Изоҳ (0)