Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Санитария-эпидемиология хизмати биносини қуриш ва таъмирлашдаги талон-торожлик фош этилди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида «О.С.» номли МЧЖ раҳбари ва бошқалар Қўшработ туманидаги Санитария-эпидемиология хизмати биносида амалга оширилган қурилиш ишлари бўйича ҳисоб-фактураларга амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали 281,2 миллион сўм бюджет маблағини талон-торож қилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан жамият раҳбари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Бухоро вилоят Санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори 200 миллион сўм бюджет маблағини талон-торож қилгани фош этилгани, Наманганда 250 млн сўм маблағни талон-торож қилган шифокорларга жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)