«Барселона» футбол клубининг собиқ президенти Хосеп Мария Бартомеу ҳибсга олинди, дея хабар қилмоқда Cadena SER.
Каталония полицияси 1 март куни «Барселона» офисида тинтув ўтказган. Уларни клубнинг молиявий, юридик ва норматив-ҳуқуқий бўлимлари қизиқтирмоқда.
Бартомеудан ташқари клубнинг собиқ бош директори Оскар Грау ва жамоанинг юридик ишларига жавобгар бўлган Роман Гомес Понти ҳам ҳибсга олинган.
Таъкидланишича, полиция 2020 йилнинг февралида юзага келган «Барсагейт» можароси юзасидан тергов бошлаган.
Ўшанда «Барселона» И3 Вентурес маркетинг компанияси билан ҳамкорликда ижтимоий тармоқларда Бартомеунинг ҳимояси билан шуғуллангани, шунингдек, Лионель Месси, Херард Пике ва бошқа футболчиларга нисбатан негатив кайфиятни юзага келтиришга урингани маълум бўлганди.
Бироқ Бартомеу бу воқеаларга алоқадорлигини инкор этган ва аудит текшируви «Барселона»нинг ижтимоий тармоқлардаги вазиятга алоқаси борлигини тасдиқламаган эди. Бу воқеалардан кейин клубнинг қатор мутасаддилари ишдан кетганди.
Бартомеу эса 2020 йилнинг октябрида муддатидан аввал «Барселона» президенти лавозимини тарк этишга мажбур бўлди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)