27 февраль соат 03:51 да Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган кафеда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида пойтахт Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.
Таъкидланишича, ёнғин туманнинг «Шарқ» МФЙдаги Гулистон кўчаси 9-А уй манзилида жойлашган «Шовотландия-1» МЧЖ кафесида содир бўлган.
Воқеа жойига 4 та ёнғин ўчириш бўлинмаси жалб этилиб, биринчи бўлинма чақирув манзилига соат 03:54 да етиб борган. Соат 04:11 да ёнғин қуршаб олиниб, соат 04:37 да тўлиқ бартараф этилган.
«Ёнғин оқибатида кафенинг том қисми ҳамда ички жиҳозлари, 150 квадрат метр майдони ёниб жиддий зарарланган. Ачинарлиси ёнғин оқибатида жабрланганлар мавжуд», — дейилади хабарда.
Воқеа жойига Тошкент шаҳар ФВБ, ИИББ раҳбарияти, прокуратура, Соғлиқни сақлаш ва коммунал хизматлар мутахассислари, ИИБ тезкор-тергов гуруҳи ҳамда тегишли хизматларнинг куч ва воситалари жалб этилган. Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Воқеа юзасидан ваколатли органлар томонидан қўшимча маълумот берилади.
Аввалроқ Марғилондаги Мустақиллик кўчасида жойлашган тўртта дўконда ёнғин юз бергани, Жиззах шаҳридаги пластмасса қувурлар ишлаб чиқарувчи корхонада ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)