Сайёранинг 20 ёшдан 60 ёшгача бўлган деярли 7 фоиз аҳолиси азият чекадиган қандли диабет касаллиги бевақт ўлимга сабаб бўлиши билан юрак-қон томир ва онкологик касалликлардан кейин учинчи ўринда туради.
Қандай ривожланади?
Организмда моддалар алмашинуви бузилиши сабаб келиб чиқадиган мазкур касалликнинг турлари қондаги глюкоза миқдорининг ошиши билан тавсифланади. Бу ошқозон ости безининг шакарни парчалаш учун жавоб берадиган инсулин ишлаб чиқарилишининг қисман ёки буткул ишдан чиқиши ёки организмдаги тўқималарнинг инсулинга бўлган сезувчанлигининг сусайгани билан боғлиқ бўлади.
Қандли диабетнинг келиб чиқиши турли сабаблар билан боғлиқ бўлади:
Биринчи турдаги қандли диабет
Инсулинга қарамлик деб аталадиган ушбу касаллик тури ошқозон ости безининг инсулин ажратишга жавоб берадиган ҳужайраларининг зарарланганидан келиб чиқади. Бунга ошқозон ости безининг айрим касалликлари ва вирусли инфекциялар сабаб бўлиши мумкин. Биринчи турдаги қандли диабет асосан 25 ёшдан 30 ёшгача бўлган кишиларда учрайди.
Иккинчи турдаги қандли диабет
Асосан, катта ёшлиларда учрайдиган касалликнинг ушбу турида организмдаги тўқималарнинг сезувчанлиги бузилгани сабаб инсулин кўп миқдорда ажралади. Бундай жадалликда ишлагандан кейин ошқозон ости бези ишдан чиқиб, организмда инсулин етишмаслиги кузатилади.
Болаларда ҳам кузатилиши мумкин
RАМN болалар саломатлиги илмий марказининг маълумотларига қараганда, болаларда эндокринологик муаммоларнинг кузатилиши сўнгги 15-20 йилда сезиларли даражада кўпайган. Бунга, асосан, вазн ортиши ва инсулинга қарамлик қолаверса, қандли диабет турларининг аввалгидан яшаргани ва кексаларда учрайдиган касаллик бугунги кунда болаларда ҳам кузатилиши сабаб бўлади. 4 килодан ортиқ вазн билан туғилган болаларда қандли диабет ривожланиши хавфи юқори бўлади.
Хавф омиллари
Ирсият
1-турдаги қандли диабет ташқи таъсирлар, масалан, вирус сабаб ирсий мойиллиги бор кишиларда иммунитет сусайиши кейинчалик эса қандли диабет ривожланишига сабаб бўлади. Иккинчи турдаги қандли диабет эса наслдан наслга ўтади.
Ортиқча вазн
Иккинчи турдаги қандли диабетдан азият чекадиган кишиларнинг 90 фоизининг вазни ортиқча.
Касалликлар
Эндокрин касалликлар, панкреатит, яъни ошқозон ости безининг яллиғланиши, шунингдек, бошқа вирусли инфекциялар ҳатто грипп ҳам сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, қандли диабетга мойиллиги юқори бўлган, наслида ушбу касаллик билан оғриган ва вазни ортиқ кишилар инфекция юқишидан эҳтиёт бўлиши керак. Улар жисмоний ва эмоционал зўриқишлардан қочишга ҳаракат қилиши лозим.
Ёш
Ҳар ўн йилда ушбу касалликка чалиниш эҳтимоли икки мартага кўпаяди, деган қараш мавжуд. Аммо ёш ўтиши билан ирсият касаллик келтириб чиқаришини ҳал қиладиган омил бўлмай қолади.
Симптомлари
Қандли диабетга хос симптомлар турли, бошқа касаллик ва ҳолат сингари намоён бўлиши мумкин. Қуйидаги белгилар кузатиладиган бўлса, қон таҳлили топшириб, касаллик бор ёки йўқлигини аниқлаб олиш керак.
- доимий равишда чанқаш;
- оғиз қуриши;
- тез тез пешоб ажралиши;
- лоҳаслик ва ҳолдан тойиш;
- терининг қуриши, қичишиш;
- яраларнинг секин битиши;
- вазн ва иштаҳанинг сезиларли ошиши.
Қандли диабетга чалиниш хавфи юқори бўлган кишилар уй шароитида махсус глюкометр ёрдамида қанд миқдорини ўлчаб турса бўлади. Ундан фойдаланиб, натижа қандай эканлигини билишингиз мумкин. Дорихоналарда тугмачасиз ва овозли сигнал орқали қанд миқдори кўп ёки камлиги ҳақида хабар берадиган глюкометрлар бор. Касаллик дастлабки босқичда ўзини камдан кам ҳолларда намоён қилгани сабаб соғлом кишилар ҳам қондаги қанд миқдорини ярим йил ёки бир йилда бир марта ўлчатиб туриши лозим.
Қандли диабет парҳези
Мойиллиги бор, касалликка чалиниш хавфи юқори бўлган кишилар, қандли диабетдан азият чекадиган кишилар, айниқса, тўғри овқатланишга риоя қилиши керак. Таркибида тез сингадиган углеводлар кўп бўлган маҳсулотлардан тийилиш, секин сингадиган углеводли, донли маҳсулотлар, мева ва сабзавотлар ҳамда гликемик кўрсаткичи юқори бўлмаган маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Вақти-вақти билан «парҳезли ширинликлар» фруктоза, сорбит ва шакар ўрнини босадиган бошқа маҳсулотлар истеъмол қилса бўлади. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам шифокор билан маслаҳатлашган маъқул.
Нимага эътибор қаратиш керак?
Ушбу касалликдан азият чекадиган аксарият кишиларда қон айланиши ва қон томирлар зарарлангани сабаб терининг, айниқса, оёқ ва қўл соҳаларида қичишиш кузатилади. Тери юпқалашади, яра ва чақалар секин битади. Қўл ва оёқдаги нервларнинг зарарлангани сабаб эса бора-бора жароҳатлар сезилмаслиги мумкин. Ҳатто оддий тирналишлар ҳам яллиғланиш жараёнларини келтириб чиқариши мумкин. Шу сабаб ҳам теридаги ўзгаришларга бефарқ бўлмаслик, дерматолог ва эндокринологга мурожаат қилиш керак.
Кўп кузатиладиган жароҳатлар
Қон таҳлили топширгандан кейин турли салбий муаммолар келиб чиқмаслиги учун эътиборли бўлинг. Оёқлардаги қон айланишининг ёмонлашиши сабаб яралар битиши қийин кечади. Шу сабаб ҳам оёқ қуруқ бўлиб қолмаслигига эътибор беринг ва намлантирувчи кремдан фойдаланинг.
Чора-тадбирлар
Қондаги қанд миқдорини аниқлаш учун қон таҳлили сўнгги марта овқат тановул қилинганидан 8 соат кейин, оч қоринга топширилади. Меъёрда 1 литр қонда 3,5-5,5 ммол қанд бўлиши керак. Агар ушбу кўрсаткич 7,0 ммол/литр бўлса, шубҳасиз, қандли диабет ташхиси қўйилади. 5,6 кўпроқ, аммо 7,0дан кам бўладиган бўлса, 3-6 ойдан кейин аниқлаштириш учун қайта қон таҳлили олинади.
Изоҳ (0)