Тарихда 1910—1917 йиллар Мексикада инқилоб йиллари сифатида қайд этилади. Инқилоб натижасида Порфирио Диас диктатураси ағдарилди ва мамлакатнинг янги бош қомуси қабул қилинди. Тарихий манбаларда мазкур инқилоб натижасида 500 мингдан то 2 миллионгача мексикалик жон бергани қайд этилган. 1910 йилда мамлакатнинг аҳолиси 15 миллион эканлиги ҳисобга олинса, 2 миллион инсоннинг инқилобда вафот этгани катта рақам. «Дарё» Мексика инқилоби ва унда АҚШнинг роли ҳақидаги мақолани эътиборингизга ҳавола этади.
Тарихчилар Мексикадаги инқилобни тўрт даврга бўлишни маъқул топишади. Инқилобнинг биринчи босқичи сифатида 1910 йилнинг ноябри ва 1911 йилнинг май ойи олинади. Бу даврда Мексикада Порфирио Диас диктатураси ағдарилади ва ҳукуматни зодагон бой табақа эгаллайди, деҳқонлар либерал демократик ҳаракатнинг ўзаги сифатида ҳаракат қилишади.
Инқилобнинг иккинчи даврида, яъни 1911 йилнинг май ойидан 1913 йилнинг февраль ойигача бўлган даврда либерал демократик кучлар етакчиларининг ичида муроса қилишнинг мавжуд эмаслиги Мексикани мураккаб даврга киритиб қўяди. Натижада дастлабки инқилобдан кейин ҳукумат тепасига келган етакчилар аксилинқилобнинг қурбонига айланади.
1913 йилнинг февраль ойи ва 1914 йилнинг июль ойида Мексикада навбатдаги учинчи инқилоб юз беради. Инқилобчилар бу сафар биргаликда мавжуд муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қиладилар. Ҳукуматда деҳқонларнинг ҳиссаси ортиб кетади. Бундан норози зодагонлар 1914 йилнинг февраль ойида мамлакат тарихидаги тўртинчи инқилобни амалга оширади. Бу сўнгги инқилоб эса Мексиканинг ривожланишида ҳал қилувчи омилга айланади.
Мексикадаги инқилобнинг юзага келишида, аввало, мамлакатдаги ижтимоий вазиятнинг носоғломлигига эътиборга олиш лозим. 1876 йилда ҳокимият тепасига келган Порфирио Диас 30 йилдан ортиқроқ вақт давомида мамлакатда буйруқбозлик тизимига асосланган диктатурани ўрнатган бўлса-да, мамлакатда аҳолининг турмуш тарзини енгиллаштиришга қаратилган ислоҳотлари амалда ўз исботини топмади. Саноат ривожланиб, темир йўллар қурилди, телеграф линиялари ишга туширилди, хориж сармояси мамлакатга оқиб келди, аммо аҳоли қашшоқлашаверди, антиклерикал ислоҳотлар ижобий самара бермади.
Шу даврда АҚШда ҳукумат тепасига Вудро Вильсон келди. АҚШнинг Мексикадаги сармоялари 1,5 миллиард долларлиги ҳисобга олинса, унинг Мексикадаги инқилобни четда томошабин сифатида кузатиб тура олмаслиги аниқ эди. Шу сабабдан АҚШ Мексикадаги вазиятни бир тизгинга солиш учун ҳаракат қилади. Бу даврга келиб АҚШ дунёнинг энг таъсири кучли мамлакатига айланган ва ташқи сиёсатда фаолликни қўлга олган мамлакат сифатида танилганди.
АҚШ Мексикадаги инқилобни ижобий қабул қилади ва бунинг илдизлари мамлакатдаги олигархиянинг ҳукмронлиги ва мамлакатнинг Ғарб ва АҚШ сармояси оқибатида тутқунликка солинганлигини яхши англарди. Бу ўша даврда нафақат Мексикада, балки бутун Лотин Америкаси мамлакатларида кузатилаётган табиий жараён эди.
Вудро Вильсон 1913 йилнинг 12 март санасида қилган нутқида «Америка Лотин Америкасидаги вазиятга бефарқ эмаслигини ва конституциявий ислоҳотлар натижасида ҳукумат тепасига келган ҳукмрон доираларни қўллаб-қувватлаши ҳақида» маълум қилади. Сабаби АҚШ вазият барқарор бўлмаган Лотин Америкасидаги мамлакатларда ўз сармояларини шу йўл билангина ҳимоя қилиши мумкин эди. Мексикадаги инқилобда ҳам АҚШ айнан шу жиҳатни кўзлаганди.
Вильсоннинг ҳокимият тепасига келиши эса Мексикада 1913 йилнинг февраль ойидаги инқилобга тўғри келди. Мексикада ҳокимият тепасига генерал Викториано Уэрта келади. Бу давр расмий Вашингтон учун ҳам мураккаб давр бўлди. Бир тарафдан Уэртани ҳукуматини тан олиб, дастаклай деса, Мексикадаги АҚШ элчихонасига Мексика шимолида Уэртага қарши Венустиан Карранса етакчилигидаги кучлар Уэртани узурпатор дея эълон қилганлиги ва унга қарши фаолият олиб бораётгани ҳақида хабарлар кела бошлайди. Мадеронинг ҳокимиятдан ағдарилишида иштирок этган АҚШ элчиси Вашингтонга Уэрта Мексикадаги вазиятни барқарорлаштиришда кафил бўлишини билдирган бўлса, бошқа консуллар Уэртанинг даври вақтинчалик эканлигини маълум қилдилар. Вашингтон учун эса америкаликларнинг Мексикадаги сармоя ва мулкларининг хавфсизлигини таъминлаш асосий масала эди. Бундай оғир вазиятда эса расмий Вашингтон шошма-шошарлик билан иш қила олмасди. Шунда Вильсон Мексикага ўзининг ишончли вакилини юборишга қарор қилади. Уильям Хейл ўз хабарларида Уэртани қўллаб-қувватлаш жоиз эмаслигини, чунки унинг сиёсий кучи етарлича қудратга эга эмаслигини маълум қилади.
Мексикадаги вазиятни барқарорлаштиришга уриниш
Уэрта ҳукуматини истеъфо беришга кўндириш ва Мексикада конституциявий барқарорликни таъминлаш мақсадида Оқ уй Мексикадаги федерал ҳукумат ва унинг сиёсий рақиблари ўртасида воситачилик қилишга ҳаракат қилади. Вильсон ташаббуси билан Мехикога Миннесотанинг губернатори Жон Линд юборилади. У Уэрта ҳукуматининг ташқи ишлар вазири Гамбоага ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва келишувга эришиш, барча низолашаётган тарафлар иштирокида муваққат ҳукумат тузиш, эркин сайловлар ўтказиш ва барча тарафларга сайлов натижаларини тан олиш талабини қўяди. Бироқ Гамбоа АҚШнинг талабини бажаришдан бош тортди ва қонуний ҳукумат исёнчилар билан музокарага бормаслигини маълум қилди. Қолаверса, Гамбоа АҚШни Мексиканинг ички сиёсатига аралашишга уринишда айблайди. Линднинг миссияси шу тариқа муваффақиятсизликка учрайди.1913 йилнинг 27 август санасида Вильсон Конгресс олдида чиқиш қилар экан, барча америкаликларни Мексикадан чиқиб кетишларини ва уларнинг Мексикадаги мулклари ҳимоя қилинишини ҳамда Мексикага нисбатан қурол-яроғ эмбаргоси жорий қилинишини билдиради. Эмбарго сиёсати билан АҚШ энг аввало Мексикадаги исёнчиларни ўз назорати остига олишни истайди.
Мексика ҳукумати эса ўз навбатида АҚШ билан дипломатик алоқаларни узган ҳолда Европа мамлакатлари, хусусан, Германия билан АҚШнинг манфаатларига зид келадиган битимларни имзолашга киришади. АҚШ Мексика билан имзоланган ҳар қандай шартномаларни бекор қилган ҳолда барча Европа мамлакатларидан АҚШ каби йўл тутишни сўрайди ва бу билан Мексикани халқаро авантюралардан иҳоталамоқчи бўлади. Бундай сиёсат Вильсон лагеридаги сиёсатчилар орасига ҳам низо солди. Улар назарида Вильсоннинг Мексика борасидаги сиёсати узоқни кўзлаб амалга оширилган сиёсат эмасди.
1914 йилнинг 9 апрель санасида Тампикода бир неча америкалик ҳарбий денгизчилар қамоққа олинади ва АҚШ ва Мексика ўртасидаги низо очиқ майдонга кўчади. Вильсон 21 апрель санасида Веракрусни ишғол қилиш борасидаги буйруққа имзо чекади. Вильсон бу ҳаракати билан Уэртани ақлини киргизиб қўйишни истайди. Аммо АҚШнинг мазкур қадами мексикаликлар орасида аксиламерикачилик кайфиятини юзага келтиради. АҚШ ва Мексика ўртасидаги низонинг олдини олиш учун Бразилия, Чили ва Аргентина ҳукуматлари воситачилик қилишга қарор қилади.
1914 йилнинг май—июнь ойида АҚШ ва Мексика тарафи Ниагара Фолсда конференция ўтказади. Конференцияда АҚШ тарафи Мексикада конституциявий ислоҳотлар ўтказилиши ва инқилобдан жабр кўрган хориж сармояси манфаатлари инобатга олинишини, моддий зарар қопланишини маълум қилади. Бу сафар генерал Уэрта муваққат ҳукумат тузилишига хоҳиш билдиради. Аммо Мексикадаги исёнчи гуруҳлар қуролларини ташламасликларини билдиради. Генерал Уэрта ҳокимиятдан истеъфо беришга мажбур бўлади. 1914 йил августида Уэрта Мексикадан қочиб кетади. Вашингтон Мексикадаги ғалабасини нишонлайди. Вильсончилар Мексикасидаги муваққат ҳукуматни тузиш эса вақт масаласи эди.
Аммо 1914 йилнинг куз фаслига бориб, Мексикадаги вазият янада ёмонлашади. АҚШнинг қувончи узоққа чўзилмайди. Мексикада Карранса ва Эмилио Сапата, Франциско Вилья ўртасидаги адоват кучайиб кетади. Мамлакатда хунрезлик яна авжига чиқади. Инқилоб ўзининг энг юқори чўққисига чиқади.
АҚШ ҳукумати Биринчи жаҳон уруши бошланиши асносида Мексикадаги вазиятни ўзи истаганидай назорат қила олмаслигини тушуниб етади. Мексикадаги вазиятни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, мамлакатда қайси исёнчи гуруҳлар ҳукуматга келишини кузатишда давом этиш ва кайзер Германиясининг Мексикадаги воқеаларга қай даражада тортилиши омилини ўрганиш расмий Вашингтоннинг янги режасига айланади. Охир-оқибатда Вильсон ҳукумати Мексикада Каррансо ҳукуматини де факто қонуний деб топишга қарор қилади. Мексикадаги феодал тартибларга қарши норозилик кураши эса ҳали-бери тўхтамаслиги аён эди.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади
Изоҳ (0)