Тошкент вилояти Зангиота туманида фермер хўжаликлари раҳбарлари суғориладиган ерларни ноқонуний сотиб юборгани аниқланди, дея «Дарё»га хабар бермоқда Бош прокуратура.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зангиота туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.
Текширувда тумандаги 2 та фермер хўжалиги раҳбари олдиндан тил бириктириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мақсадида ажратилган суғориладиган ер майдони ҳисобидан 1,75 гектар ерни уй-жой қуриш учун 23 нафар фуқарога, 3,2 гектарини эса «У» номли МЧЖга қалбаки ҳужжатларни тайёрлаб тақдим этиш орқали сотиб юборганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик), 192-11-моддалари (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан аввал Самарқандда ўзини мансабдор кўрсатиб, алдов йўли билан фуқародан 4 миллион сўм талаб қилган экология ходими қўлга олингани, Бухорода 23 сотих ерни расмийлаштиришда ёрдам бериш эвазига олдиндан 100 доллар ва 2 миллион сўм олган кадастр ходимига жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Бухорода ҳужжатларни сохталаштириш орқали ер ажратиш эвазига деҳқондан пора олган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)