Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси томонидан қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловларини ноқонуний равишда камайтириш мақсадида шубҳали операцияларни амалга оширган 396 та тадбиркорлик субъектларининг рўйхати эълон қилингани ва улар билан муносабатларга киришган тадбиркорларга ҚҚС суммасига ўзгартириш киритиш ва қайта аниқлаштирилган ҳисоботларни тақдим этиш юзасидан хабарномалар юборилгани жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.
Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан мазкур ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлар мутасаддиларига сўров юборилиб, назоратга олинганини маълум қилди.
Қайд этилишича, тез орада сўров натижалари, хусусан, ушбу ҳолатга қонуний чора кўрилиши ҳақида батафсил маълумот берилади.
Эслатиб ўтамиз, ДСҚ хатарларни таҳлил қилиш натижасида аниқланган 396 та корхонадан иборат шубҳали контрагентлар реестрини тузди, шунингдек, солиқларни камроқ тўлаш мақсадида пул маблағларини нақдлаштириш билан шуғулланувчи «нақдлаштирувчи корхоналар» хизматларидан фойдаланган 10 мингга яқин ташкилотлар рўйхатини шакллантирди.
Ушбу «обналчи»лар билан молиявий операцияларни амалга оширган компанияларнинг эса ҚҚС суммасига тузатиш киритилди ёки ҳисобга олиш бекор қилинди. Бу минглаб тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлди. Улар солиқ органлари қарори туфайли уларнинг ишлари тўхтаб қолгани, ишчилар эса маош ололмаётганини билдирди. Бу ҳолатни бизнес-омбудсман ўргана бошлади.
«Нақдлаштирувчи фирма»ларни аниқлаш юзасидан амалиётга жорий қилинган янги механизмни аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш ишларни қониқарсиз олиб борганлиги, шунингдек солиқ тўловчилар билан етарли даражада ишни ташкил этмаганлиги учун Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, Тошкент шаҳар ДСБ Камерал назорат ва ҚҚС маъмурчилиги бўлимлари ҳамда ДСҚ матбуот хизмати бошлиқларига ҳайфсан берилди.
Изоҳ (0)