Bonhams аукцион уйининг Париждаги филиали Диего Марадонага тегишли бўлган Porsche 911 (964) кабриолетини сотишга тайёргарлик кўрмоқда. 1992 йилда ишлаб чиқарилган икки эшикли модель 123 минг километрга яқин йўл босган бўлиб, март бошида сотувга қўйилади. Bonhams автомобиль учун камида 150 минг еврони қўлга киритишни режалаштирган, деб хабар беради Motor.
Диего Марадона янги Porsche 911 Cabriolet’ни 1992 йилнинг ноябрида сотиб олган. Ўша вақтда футболчи «Севилья» таркибида ўйнаган ва немис автомобили аргентиналикнинг Европадаги асосий машинасига айланган. Марадона айнан Porsche’ни бошқариб кетаётганида Испания полициясининг қўлига тушган — футболчи шаҳар марказида соатига 180 километр тезликда ҳаракатланган.
1993 йилнинг июнида Марадона Европани тарк этган ва ўз ватанига қайтган: ўша йилнинг ёзида Porsche Майорка оролидаги хусусий коллекционерлардан бирига сотилган. Кабриолетнинг иккинчи эгаси уни 12 йил асраб-авайлаган, бироқ 2013 йилдан бошлаб 964 Carrera Convertible бир нечта эгасини алмаштирган. Bonhams маълумотларига кўра, автомобиль яхши ҳолатда сақланган.
Марадона Turbo Look обвесига эга нисбатан ноёб 964 Carrera 2 Convertible’га эгалик қилган. Ушбу кабриолетдан жами 1200 нусха ишлаб чиқарилган. Техник тавсифи стандарт: капоти остидан 250 от кучига эга 3,6 литрли атмосфера двигатели ўрин олган бўлиб, у беш поғонали механик узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади.
Bonhams’нинг баҳолашича, ўз тарихига эга ноёб Porsche кабриолети 150-200 минг евро нархида сотилади. Аукцион Парижда 3-10 март кунлари оралиғида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)