Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий товламачиликда айбланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ Олий суд ушбу блогерга қўйилган айблов ўзгартирилмагани ва прокуратуранинг блогерга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси кўрилиши ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилгани маълум бўлганди. Блогернинг адвокати Шавкат Шокиров «Gazeta.uz»га берган интервьюсида у ишни уюштирилган деб ҳисоблашини айтган.
Тергов департаменти хабари
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг 1 февралдаги маълумотларига кўра, 29 январь куни Шеробод тумани «Қўрғон» МФЙда яшовчи фуқаро, Шеробод туманида жойлашган «Чинора Гул барака» деҳқон бозори раҳбари Лочин Т. ариза билан мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, 2020 йилнинг декабрь ойида Шеробод туман ҳокимлиги у раҳбарлик қиладиган бозорда озиқ-овқат ярмаркаси ташкил этиш топшириғини берган, блогер Отабек Сатторий эса бозордаги камчиликларни телефонида тасвирга олган. 28 январь куни блогер Отабек унга қўнғироқ қилиб, бозорни видеотасвирга олиш жараёнида синган Redmi-5 ўрнига янги Vivo-Х50 телефонини олиб беришни талаб қилган, акс ҳолда видеони ижтимоий тармоқларда тарқатишини айтган.Тергов департаменти аризачи блогер билан суҳбатининг ёзувини ҳам илова қилганини қайд этиб ўтган.
Тезкор тадбир давомида Отабек Сатторий уйи яқинида қиймати 5,04 миллион сўм бўлган Vivo Х50 телефонини олаётган вақтда қўлга олинган. Қайд этилишича, телефонга махсус кимёвий ишлов берилган (бармоқ изи учун бўлиши керак).
Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан фуқаро Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.
«Иш уюштирилган»
Блогернинг адвокати Шавкат Шокиров интервьюсида у ишни уюштирилган деб ҳисоблашини айтган. Унинг сўзларига кўра, 1 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди ўз мижозига нисбатан ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаган. Ҳимоячи апелляция шикояти билан мурожаат қилган, аммо Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди 5 февраль куни қарорни ўз кучида қолдирган.«Иш Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик / 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан қўзғатилган, аммо эртаси куни эрталаб иш тўсатдан 165-модданинг 2-қисмига ўзгартирилди (5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади). Гарчи бунга ҳеч қандай асос йўқ эди. Биз бу ҳақда суд мажлисида маълум қилдик, аммо эътирозларимиз инобатга олинмади. Агар ушбу модданинг биринчи қисми бўлганида эди, ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш қийинроқ кечарди. Шунинг учун улар уни ҳибсга олиш учун сунъий равишда 2-қисмни танлашди», — деди у.
«Бу ерда зарарни қоплаш тўғрисида гап кетмоқда. Агар Отабек блогер эмас, оддий фуқаро бўлганида эди, амалиётда кўрамизки, жиноий иш қўзғатилмас эди. Бу фуқаролик-ҳуқуқий масаласи деб ҳисобланарди. Телефонга келсак, бозорни суратга олаётганда, телефон ундан тортиб олинган, кейин бузилган. Отабек Шеробод тумани ҳокимига телефонининг шикастланганлиги тўғрисида мурожаат қилган. Унга муаммони ҳал қилишга ваъда беришган. Шантаж ҳақида гапирилаяпти, лекин аслида шантаж ҳақида ҳеч қандай материал йўқ. У тасвирга олган видеони ўчириб ташлашган бўлса, ижтимоий тармоқларга нимани жойлаштириши мумкин?» — дея маълум қилди у.
Шавкат Шукуров ушбу воқеадан бир ой ўтгандан кейин улар Сатторийни маъмурий иш доирасида 15 суткага қамоққа олишга ҳаракат қилишганини таъкидлаган.
«Бу ўхшамаганидан кейин улар бир куннинг ичида бир ой аввал бўлган воқеа асосидаги аризани олишади. Отабекка телефонни қайтариб беришни хоҳлашларини айтишади. Берилаётган пайтида у ҳибсга олинади ва товламачиликда айбланади», — деди адвокат.
Унинг сўзларига кўра, тергов органи ҳалигача унинг айбини тасдиқлайдиган ҳеч қандай далилни тақдим этгани йўқ.
«Агар тергов органи прокуратура билан биргаликда ўз юзини йўқотишни истамаса, унда жиноят аломатлари йўқлиги тўғрисида баёнот билан уни озод қилиши керак. Ҳозирда улар бошқа бир қонунбузарлик фактини ‘яратиш’ билан банд деб қўрқаман… Ҳозир Отабек бутун тизим унга қарши ишлаябди, деб ҳисобламоқда».
Адвокатнинг маълум қилишича, Отабек Сатторийга нисбатан куч ишлатилмаган, бироқ ИИБ бошлиғининг ўринбосари қўлга олиш вақтида: «Сиёсатга аралашса мана нима бўлади, истаган вақтда қамашимиз мумкин», — деган.
«Отабек шундай деди, лекин ҳеч кимга айтмаслигимни сўради. Бироқ мен барибир терговчини оғзаки огоҳлантирдим… Ҳозирда у билан ҳаммаси жойида, ҳеч ким унга ортиқча гап қилгани йўқ», — дея таъкидлади у.
Шавкат Шукуров ҳибсга олишни жуда қаттиқ эҳтиёт чораси деб билади.
«Биз уни гаров эвазига қўйиб юборишни сўрадик. Уни уйда ўтирсин. Унинг кимлиги маълум, яшаш жойи маълум. У ҳеч қаерга қочиб кетмайди… Суд жараёнида тергов органи 2-қисм туфайли бунинг оғир жиноят эканлигини маълум қилди, шунинг учун уни ҳибсга олишни илтимос қилишди», — деди адвокат.
«15 суткага қамашга уриниш»
Отабек Сатторий ҳибсга олинишидан аввалроқ 30 январдаги жонли эфир вақтида уни 15 суткага қамашга уринишаётгани ҳақида маълум қилган эди.Унинг айтишича, 29 январь куни уни катта терговчи Мўминжон Маматқориев хонасига сўроққа чақирган. Чақирув қоғози яшаш жойига ташлаб кетилган. Масжидда жума намозини ўқигандан кейин у уйига қайтган, чақирувдан хабар топган, терговчига қўнғироқ қилган ва олдига 15 дақиқадан кейин боришини айтган.
Катта терговчи билан учрашувда блогер унинг устидан ёзилган иккита аризани муҳокама қилган. Улар «Термизда арчанинг қулаб тушгани тўғрисида»ги иш бўйича ҳокимият ходими Азимжон Ҳамдамов ҳамда Термиз туманида «кўмир масаласи» бўйича Холмамат Жумаевдан.
Блогер аризачиларни танимаслиги, ИИБ ходимлари уни аризачилар билан юзлаштирмаганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, улар устидан ёзган қарши аризалари қаноатлантирилмаган.
Отабек Сатторийнинг аниқлик киритишича, биринчи ҳолатда гап Facebook ижтимоий тармоғидаги гуруҳга Термизда қулаб тушган арча расмининг жойлаштирилгани ҳақида кетмоқда. У фотосуратни ижтимоий тармоқлардан олганини, у биринчи бўлиб ОАВдан чоп этилганини маълум қилди.
Ушбу иккита аризадан ташқари, унга қарши ишчилари икки кийикнинг ўлимига йўл қўйган ҳайвонот боғи иши бўйича яна бир ариза топширилган.
«Терговчи мен билан гаплашганидан кейин мени ИИБ биносидан тўғридан-тўғри суд биносига олиб бориши ҳақиқатга қанчалик тўғри? Мен бормайман десам ҳам, куч ишлатамиз, дейишди. Боргандан кейин ўзининг гувоҳномасини кўрсатиб, мажбуран олиб борамиз, дейишди. Мен маҳбусманми, дедим. Менга ҳозир судга кирасан, суд залида судьяга шу гапингни айтасан, дейишди. Сен менга адвокат олишга, қарор билан танишишга фурсат бермадинг, дедим», — деди у.
Блогер адвокат олиш ҳуқуқига эга бўлишига қарамасдан, уни бирданига суд залига мабурий тартибда олиб боришганини қайд этган.
«Мен бу нарсанинг ‘заказной’ эканининг ҳидини сездим… Чунки менинг изимдан тергов бўлимининг каттаси бирданига ўзининг Cobalt машинасида келди. Мен унга айтаяпман: қароринг билан мени таништирмадинг, қайта суриштирув бўлиши учун мен прокуратурага мурожаат қиламан, дедим… Улар менга гувоҳномасини кўрсатиб, киришга мажбурсан, дейишди. Мен буни ўз ҳуқуқларимни бузиш ва мени 15 суткага қамоққа олишга уриниш деб биламан. Бу ‘заказной’. Менинг оғзимни ёпишмоқчи бўлишаябди булар. Булар менинг оғзимни ёпиб, менга кечирим сўраттиришмоқчи», — деди блогер.
Унинг сўзларига кўра, ўша куни суд «мажлис режалаштирилмаганда бўлгани учун» бўлиб ўтмаган.
Муносабатлар
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев блогернинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирар экан, Отабек Сатторий олдин шахсий учрашув пайтида Сурхондарё расмийларининг танқидий чиқишлари учун босим ўтказгани ҳақида хабар берганини айтди.«Отабек бир неча ой олдин жамоатчилик назорати учун Шеробод туманидаги бозорда нарх-наволарни телефонига тушираётганида бозорнинг бир нечта зўравон ходимлари келиб, уриб уст-бошини йиртиб, телефонини синдириб ташлашган. Кейин у ИИБга ариза бериб, ўша заҳоти бозордаги ‘зўравонлик’ бўйича туман ҳокимига учрашган. Туман ҳокими Отабекка бу воқеаларни интернетга чиқармасликни илтимос қилиб, унга синдирилган телефон ўрнига товон тариқасида янги телефон олиб беришларини ва шу йўл билан етказилган зарар қопланишини ваъда берган экан», — деб ёзди у.
Парламентарий блогерга шундай деган: «Майли сиз синдирилган телефонингизни олинг, лекин бозордаги зўравонлик учун бозор бошлиғи жавоб бериши керак». У аризаси натижасиз қолса, ўзига мурожаат юборишини айтган.
«Ўзбекистонда Президент сиёсати сабаб очиқлик бўлмоқда, Сурхондарёда амалдорлар қонунларга қарамаса ҳам президент сиёсатига қарши чиқмаса керак — деб, кўнглини кўтариб жўнатиб юборибман. Бугун эса ҳудди ўша блогер синдирилган телефони ўрнига, товон тариқасида олган телефонини деб товламачиликда айбланмоқда. Балки ‘виждонини ютганълар яна нималардир бўйнига қўйишар. Зўравонлар эса жазосиз қолмоқда».
У Отабекнинг ИИБга берган аризаси ҳам «йўқ» бўлиш арафасида эканлигидан хабар топган.
«Мен бунчалик пасткашликка борилмас, деган ўйда эдим. Афсус… Биласизми, бу амалдорларни танқид қилаётган битта блогерга эмас, бутун бошли сўз эркинлигига, Президентнинг очиқлик сиёсатига қарши сурхондарёлик амалдорларнинг исёнидир», — деб ҳисоблайди Расул Кушербаев.
Вазиятга Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот ҳам муносабат билдирган.
«Агарда товламачиликни исботлайдиган далиллар бўлмаса, ушбу ҳибсга олиш ҳодисаси нафақат хавотирли, балки сўз эркинлигига рахна солувчи яна бир ҳаракатдир. Ички ишлар органларининг ўз вазифасини бажариши ва жамоатчиликни ҳимоя қилиши муҳим, бироқ бунинг шунчаки танқид учун қамоққа олиш эмаслигини далил-исботларни тақдим этиши ҳам муҳимдир», — деб ёзди у Twitter’даги саҳифасига.
Изоҳ (0)