Январь ойида коронавирус пайдо бўлиши ва тарқалишининг дастлабки босқичларини ўрганиш мақсадида Хитойнинг Ухань шаҳрига келган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари, вирус тарқалишида маҳаллий озиқ-овқат бозорининг ролига оид «муҳим далилларни» топди. Бу ҳақда ЖССТ гуруҳига кирувчи зоолог Питер Дашак берган маълумотга таяниб «Коммерсантъ» хабар берди.
Олим 10 февралгача, улар Ухань шаҳрини тарк этгунга қадар, ушбу даллилар нашр этилишига умид билдирди. «Умид қиламизки, биз топган далиллар содир бўлган воқеаларни тўлиқ англаб етишнинг бошланиши, бу кейинги пандемиянинг олдини олишга ёрдам беради. Юзага келган вазиятнинг моҳиятини тушунишга уриниш — вакциналарни кутиш мобайнида доимий равишда глобал молиявий инқироз ва даҳшатли ўлимларни бошдан кечирмаслик учун ниҳоятда зарур», — деди Дашак.
Олим хитойлик ҳамкасбларининг чет элдан келган гуруҳ билан ҳамкорлик қилишга қатъий қарор қилганини таъкидлади. «Биз ҳар куни улар билан йиғилдик ва ҳар бир янги маълумотни синчиклаб ўрганиб чиқидик», — деди Дашак. У ЖССТ олимлари маҳаллий мутахассислар билан биргаликда чет эллик мутахассислар ўрганишни режалаштирган барча муҳим жойларга ташриф буюрганини қўшимча қилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти делегацияси 14 январь куни Уханга етиб келганди. АҚШ, Австралия, Германия, Япония, Буюк Британия, Россия, Нидерландия, Қатар ва Вьетнам олимлари коронавируснинг ҳайвонлардан келиб чиқиш назариясини ўрганмоқда.Аввалроқ Уханга ташриф буюрган ЖССТ экспертларидан бири Владимир Дедков коронавируснинг Ухандаги лабораториядан сизиб чиққанини тасаввур қилиш қийинлиги айтганди. Дедков, шунингдек, Ухань шаҳридаги денгиз маҳсулотлари бозорида коронавирус инфекциясининг пайдо бўлиши учун барча шароитлар мавжудлигини таъкидлаган, чунки у санитария қоидалари нуқтаи назаридан талабларга умуман жавоб бермайди.
Изоҳ (0)