Юнусободдаги кредит дўконида ўғрилик қилган 4 нафар шахсга нисбатан жиноий иш очилди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар берди.
Маълум бўлишича, 27 январь куни соат 03:00 ларда номаълум шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида Юнусобод тумани деҳқон бозори олдига жойлашган маиший техника дўконининг 3 миллион сўмлик эшигини синдириб, дўкон ичига ғайриқонуний равишда кирган.
Сўнг 31 ёшли Санжар Т.га тегишли турли русумдаги 14 дона уяли телефон аппарати ва Аmazfit русумли бир дона қўл соатини ўғирлаб, жами 58 миллион 588 минг сўм моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни 39 ёшли Умид А., 18 ёшли Азизбек А., 28 ёшли Шерзод Р. ва 22 ёшли Азамат Н. содир қилгани аниқланиб, мазкур дўконда ўғирланган техника воситаларининг бир қисми ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. Қолган техника воситаларини қаерда ва кимга сотганликлари аниқланмоқда.
Ҳолат юзасидан Умид А. ва унинг жиноий шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 2-қисми «б», «в», «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда гумон қилинувчи шахслар процессуал тартибда ушланган.
Изоҳ (0)