Бухоро шаҳрида яшовчи 63 ёшли фуқаро И.Ф. Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси навбатчилик қисмига ариза орқали мурожаат қилиб, меҳмонхонаси шкафидан тилла тақинчоқлари ўғирлаб кетилганини билдирган. Бу ҳақда «Дарё»га хабар берган вилоят ИИБ ахборот хизматининг ёзишича, мазкур аризага кўра тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Маълум бўлишича, ўғрилик 2021 йил 23 январь куни кеч соат 20:00 дан 22:00 га қадар бўлган вақт оралиғида содир бўлган бўлиб, номаълум шахс аёлнинг баҳоси 5 миллион сўмлик тилла тақинчоқларини ўғирлаган.
Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва ўғрилик Бухоро шаҳрида яшовчи 30 ёшли фуқаро У.Ҳ. исмли шахс томонидан содир қилингани аниқланган.
Қўлга олинган У.Ҳ. умумий миқдори 5 миллион сўмга тенг икки дона тилла узукни эгасига қайтариб берган.
Ҳозирда У.Ҳ.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Унинг бошқа шу турдаги жиноятларга дахлдорлик ҳолатлари юзасидан қўшимча суриштирув ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)