Гиалурон кислотали филлерлар косметологияда ва эстетик тиббиётда жуда ҳам машҳур саналади. Унинг ёрдамида лабларни катталаштириш, яноқларга урғу бериш, шунингдек, ажин ва кўз остидаги ҳалқаларни бартараф этиш мумкин. Шунга қарамай, гўзаллик ва саломатлик ҳақида ёзадиган гўзаллик нашрлари коронавирус вакцинаси ва филлернинг «чиқиша олмаслиги» ҳақида маълумот бера бошлади.
Бу қанчалик тўғри?
Бу барча вакциналарга таалуқли эмас, гап Moderna вакцинаси ҳақида кетаётган бўлса, бўлиши мумкин. Аввалроқ АҚШдаги маҳсулот ва медикаментларнинг сифатини назорат қилувчи ташкилот томонидан ўтказилган синовда филлернинг вакцинага реакция бериш ҳолати қайд қилинган. Бунда айнан филлер ишлатилган тана қисмида шиш кузатилган.
Вакцинага аллергия
Филлердан воз кечиш керакми деган саволга мутахассислар йўқ деб жавоб беради ва бунга бу каби реакциялар камдан кам кузатилиши, унчалик хавфли эмаслиги ҳамда тез даво чораси кўриш мумкинлигини сабаб қилиб кўрсатади.
Moderna билан ўтказилган тадқиқотда 30 минг киши иштирок этгани ва улардан учтасигина шиш ҳақида хабар бергани эса бунга яққол мисол бўла олади. Шифокорларнинг айтишича, бу вакцинанинг иш бераётганини қўшимча тасдиғи бўлиб, қайд қилинган ўзгариш иммунитет билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай реакциядан кейинги даволаш аллергиядан азият чекадиган кишиларни даволаш сингари асосан антигистамин ва стероид препаратлар билан амалга оширилади.
Маълумот учун, комик актриса Ҳалима Ибрагимова Instagram саҳифасида коронавирус вакцинаси шиширилган лабларга салбий таъсир қилиши, хусусан уларнинг «оқиб тушиши» ҳақида видеомурожаат жойлаган эди.
Изоҳ (0)