Ўтган ҳафтада бўлиб ўтган мусобақалардан кейин UFC рейтингида қатор ўзгаришлар юз берди.
UFC 257 мусобақасининг асосий жангини бой берган Конор Макгрегор умумий рўйхатда икки поғона пастлади ва 15-ўринга тушиб кетди. Енгил вазн дивизионида ҳам ирландиялик спортчи икки поғона йўқотди ва 6-ўринда қайд этилди.
Конорни таслим этган Дастин Порье енгил дивизион етакчилигини Жастин Гэтжидан тортиб олди. Чемпион ҳамон Ҳабиб Нурмагомедов бўлиб қолмоқда.
UFC’даги дебют жангида Ден Ҳукерни нокаутга учратган Майкл Чендлер енгил вазн тоифаси рейтингида бирданига 4-ўринда қайд этилди. Ҳукер эса 8-ўринга тушиб кетди.
Қайд этиш жоиз, енгил дивизионда фақат Чарльз Оливейра (3), Тони Фергюсон (5) ва Рафаэл дос Аньос (7) ўз ўрнини сақлаб қолди қолганлар эса камида бир поғона пастлади.
Ўзбекистонлик яккакурашчи Зарруҳ Адашевни мағлубиятга учратган Су Мудаэржи мутлақ енгил вазн тоифасида илк бор рейтингдан жой олди — 14-ўрин. Аввалроқ Адашевни 32 сония ичида нокаутга учратган, бироқ ўтган ҳафтада Мэтт Шнеллга ютқазиб қўйган Тайсон Нем икки поғона пастлаб 15-ўринда қайд этилган.
Рейтингнинг тўлиқ натижалари билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Изоҳ (0)