Гелинжик ҳудудида ва унга ёндош туманларда Россия Федерал қўриқлов хизмати (ФҚХ) томонидан қўриқланадиган объектлар йўқ. Бу ҳақда идора «РБК» нашрининг сўровига жавобан маълум қилди.
ФҚХ ушбу ҳудудда ҳеч қандай тақиқ ва чекловлар жорий қилинмаганини қўшимча қилди.
Шунингдек, Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Геленжик яқинидаги Идокопас бурни атрофидаги жойлар Россия Транспорт вазирлигининг 2020 йил 24 июлдаги чегара хавфсизлиги мақсадларидаги буйруғига мувофиқ учиш тақиқланган ҳудудга айлантирилганини маълум қилди.
«Учиш тақиқланган ҳудуд деб эълон қилинишига бир қатор қўшни давлатлар, шу жумладан, НАТО блокига кирувчи мамлакатларнинг разведка фаолияти кучайиши сабаб бўлди», — дейилади ФХХ хабарида.
Идокопас бурни атрофида ФХХнинг Краснодар ўлкаси бўйича чегара бошқармасининг чегара заставаси (соқчилар отряди жойлашган ҳудуд), у 2020 йил октябрда фойдаланишга топширилган.
ФХХ отряд «Россия давлар чегарасини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг иқтисодий ва бошқа қонуний манфаатларини таъминлаш, сув ва биологик ресурсларни асраш соҳасини ҳамда юридик ва жисмоний шахслар томонидан давлат чегараси ва чегара назорати режими қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш» билан шуғулланишини маълум қилди. «Бўлинмага бошқа вазифалар юкланмаган», — дейилади идора хабарида.
Аввалроқ Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди томонидан эълон қилинган «Путин учун қурилган қаср» суриштирувида иддао қилинишича, Гелинжик яқинидаги Идокопос бурнидаги Прасковеевка қишлоғида камида 100 миллиард рубллик қаср жойлашган, у Россия президенти учун давлат ва хусусий компаниялар пулларига қурилган. Қаср ФҚХ томонидан қўриқланади, у ер учиш тақиқланган ҳудуд, шунингдек, қасрга денгиз томондан сузиб бориб ҳам бўлмайди, дейилади суриштирувда.
Кейинроқ Россия президенти Владимир Путин Коррупцияга қарши кураш фонди (ККФ) суриштирувида тилга олинган Гелинжикдаги қасрга на у, на унинг қариндошлари эгалик қилишини билдирди. «У ерда менинг мулким сифатида кўрсатилган нарсаларнинг ҳеч бири на менга, на менинг яқин қариндошларимга тегишли эмас ва ҳеч қачон тегишли бўлмаган. Ҳеч қачон», — деди Владимир Путин.
Изоҳ (0)