Саудия Арабистони инвестициялар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюргани тўғрисида хабар берилганди. Ўзбекистондаги қатор вазирлик ва идоралар учрашувлар ўтказаётган Саудия делегацияси вакиллари меҳнат вазири Нозим Ҳусанов билан миграция масалаларда фикр алмашди.
Таъкидланишича, музокаралар давомида Ўзбекистондаги Саудия Арабистони корхоналари қатнашадиган энергетика лойиҳаларида маҳаллий ишчилар иштирок этиши келишиб олинган. Шунингдек, Саудия Арабистонига ишлагани бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга тил ва касб ўргатиш марказлари очилиши муҳокама қилинган.
Меҳнат вазири Нозим Ҳусановнинг сўзларига кўра, Саудия Арабистони иштирокидаги лойиҳалар доирасида саудиялик мутахассислар Ўзбекистонга келиб, маҳаллий ходимларга иш ўргатиши ҳам назарда тутилган. Ҳусанов ишчиларни Саудияга юборишда асосий муаммо тил эканини айтиб, бу борада томонлар биргаликда иш олиб боришини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия ИИВ мамлакатда мигрантлар сони камайиб кетганини маълум қилганди. 2020 йил декабрь ойининг ўрталарида Россия Қурилиш вазирлиги меҳнат муҳожирларининг мамлакатга киришини соддалаштириш таклифи билан чиққанди. Мамлакат президенти Владимир Путин Россия қурилиш ишларига меҳнат мигрантларини жалб қилишни соддалаштиришга кўрсатма берди.
Изоҳ (0)