Бокс бўйича супер ўрта вазн тоифасида WBC ва WBA чемпионлик камарлари соҳиби Сауль «Канело» Альварес (54-1-2, 36 КО) навбатдаги жангини Авни Йилдиримга (21-2-0, 12 КО) қарши ўтказиши мумкин.
The Athletic журналисти Майк Коппинжернинг хабар қилишича, Канело Matchroom Бохинг билан келишув имзолаган ва 27 февраль куни супер ўрта вазн камарини ҳимоя қилиш учун Авни Йилдиримга қарши жанг қилади. Жанг Майамидаги Hard Rock стадионида бўлиб ўтади.
Аввалроқ промоутер Эдди Ҳирн Альварес кейинги жангини Билли Жо Сондерсга қарши ўтказиши мумкинлигини маълум қилганди.
Мексикалик боксчи 20 декабрда супер ўрта вазнда WBA чемпиони Каллум Смитни (27-1, 19 КО) мағлубиятга учратиб, ундан камарни тортиб олганди. Кейинчалик Канело ўрта вазннинг WBA камаридан воз кечди.
Эслатиб ўтамиз, Альварес 2020 йилнинг ноябрь ойида Оскар де ла Ҳоя раҳбарлигидаги Golden Boy промоутерлик компанияси билан шартномани бекор қилганди. Кейинчалик боксчи Golden Boy ва DAZN компанияларини судга берган ҳамда уларда 280 миллион доллар компенсация талаб қилаётгани хабар қилинганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)