Ўзбекистонда транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби соддалаштирилади. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2021 йил давлат дастури лойиҳасида қайд этилган.
Ҳужжатга кўра, янги автомобилни техник кўрикдан ўтказиш талаби бекор қилиниши ҳамда транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш экстерриториаллик принципи асосида, яъни «прописка»дан қатъи назар, транспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун мурожаат қилиш имконияти йўлга қўйилиши мумкин.
Шунингдек, транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш муддатлари ҳам узайтирилиши мумкин.
Автомототранспорт воситалари ва улар эгаларининг тарихини акс эттирувчи электрон база яратилади. Автомобильларни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома «ягона дарча» тамойили асосида расмийлаштириш имконияти берилиши мумкин.
Бундан ташқари, ҳайдовчилик имтиҳонларини видеокузатув қурилмалари ёрдамида интернет орқали кузатиш имкони ҳам яратилиши кутилмоқда.
Ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 27 январгача давом этади.
Изоҳ (0)