Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги «Кўмир таъминот» МЧЖга қарашли омбор мудири жуда кўп миқдорда кўмирни талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Дарё»га маълум қилди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Олтиариқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ўтказилган.
Унда «Кўмир таъминот» МЧЖга қарашли Олтиариқ кўмир омбори собиқ мудири М.М. ўзининг моддий жавобгарлигида бўлган умумий қиймати 807,1 миллион сўм бўлган 1 566 тонна кўмир маҳсулотларини сотиб юбориб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Самарқанддаги соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 7 миллиард сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани, Самарқандда газга ноқонуний уланиб, давлатга 360 млн сўм зарар етказган фуқароларга жиноий иш қўзғатилгани ҳамда Оҳангаронда фермер хўжалигига бостириб кириб, ишчилар мулкини талон-торож қилган шахслар ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)