Apple компанияси биринчи букланувчан iPhone’ни тақдим этиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги компаниянинг аноним манбасига таяниб хабар берди.
Таъкидланишича, букланувчан iPhone’нинг янги прототипи тестдан ўтказилмоқда. Аммо ҳозирча компаниянинг ишчи модели мавжуд эмас — шу сабабли бу турдаги смартфоннинг сотувга чиқиши тўғрисида аниқ режа ҳам йўқ. Apple’нинг янги букланувчан телефони муваффақиятли синовдан ўтказилгандан кейингина у ҳозирда мавжуд Samsung, Motorola ва Huawei’нинг букланувчан моделлари билан рақобатлаша олади.
Букланувчан iPhone Apple’га катта экранга эга ихчам қурилмани яратиш имконини беради. Айни вақтда компания 6,7 дюмли экранга эга замонавий iPhone 12 Pro Max ўлчамидаги телефонни синовдан ўтказяпти. Режага кўра, янги смартфондаги шарнирлар экран остига «кўринмас» қилиб жойлаштирилади.
Bloomberg букланувчан iPhone’ларнинг яқин вақт ичида пайдо бўлишига шубҳа қилмоқда. Ҳозирда компания бор диққатини iPhone ва iPad’ларни яратишга қаратган.
Аввалроқ iPhone 13 2021 йилда тақдим этилмаслиги, бу йилги линейка iPhone 12s номини олиши тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир: Энг талабгир iPhone моделлари рейтинги эълон қилинди
Изоҳ (0)