Сурхондарёда вилоят, шаҳар ва туманларнинг расмий сайтлари (жами 11 та сайт) 6 январь куни хакерлар ҳужумига учрагани ва ҳужумни Clone Security гуруҳи ўз зиммасига олгани тўғрисида хабар берилганди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу ҳолатга муносабат билдириб, хабарда қайд этилганидек АКТ бўлимида ишлайдиган ходим бошқарма бошлиғи томонидан калтаклангани тўғрисидаги маълумотларни рад этди.
Ҳозирда сайтларни асл ҳолида ишлатиш чоралари кўрилаётган бир пайтда айрим интернет нашрларида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» ДУКда ишлаб кетган ходимлардан бирининг ҳокимлик ишлар бошқарувчиси томонидан ўз иш кабинетида ўзаро келишмовчилик сабаб калтаклангани, вилоят ҳудудидан чиқиб кетиш шарти қўйилгани, шунингдек, ходим Президент виртуал қабулхонасига қилган мурожаати учун расман ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.Хакерлар томонидан сайтда қолдирган хабарда улар бутун вилоят ҳокимлиги тизимига кирганини, вилоят ҳокими «яхши мутахассисларга эътибор қаратмаса», унинг ёпиқ қарор ва фармойишлари эълон қилинишини айтган.Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабарларда келтирилаётган мазкур ҳолатларни рад этиб, сизлардан аҳоли орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига, уларда салбий фикр ва ишончсизликни шакллантиришга олиб келадиган ушбу мазмундаги ёлғон маълумотларга ишонмасликни сўрайди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Эслатиб ўтамиз, 2013 йилнинг июнида Clone Security хакерлар гуруҳи Ўзбекистон футбол федерациясининг расмий сайтига ҳам ҳужум уюштирганди. Ўшанда федерация сайти, Twitter’даги барча аккаунтлари ва электрон почта манзиллари хакерлар томонидан бузилган. Ундан аввалроқ эса Clone Security ЎзМТРК сайтини ҳам бузиб кирган эди.
Изоҳ (0)