Наманган вилоят ИИБ ЙҲХБ биносига Янги йил арафасида Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйининг бир гуруҳ тарбияланувчилари таклиф этилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Бунга Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Исломбек Машрабовнинг ЙҲХБ бошлиғи номига ёзган мактуби сабаб бўлди. У ўз хатида келгусида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими бўлиш орзуси ҳақида ёзиб, соҳа иши билан яқинроқ танишиш ниятида эканини билдирган.
Болалар вилоят ИИБ ЙҲХБ биносига олиб келиниб, экскурсия уюштирилди. Улар навбатчилик қисмида, бошқарма бошлиғи хонасида бўлишди, йўл-патруль машиналарини бошқаришга уринишди.
—Йўл ҳаракати хавфсизлиги идораси мен кутганимдан қизиқарлироқ экан. Келгусида шу соҳа эгаси бўлиш ниятим янада аниқ бўлди. Хатимни эътиборсиз қолдирмай, бу ерга таклиф этганларга каттакон раҳмат, — дейди Исломбек Машрабов.
Тадбир якунида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун байрам дастурхони уюштирилди, Қобобо ва Қорқиз уларнинг хизматида бўлди.
Изоҳ (0)