Ўтган ҳафта бутун дунё оммавий ахборот воситаларида 2021 йилда Apple Car тақдим этилиши тўғрисида хабарлар тарқалди. CARakoom’нинг ёзишича, кўпчилик интернетда тарқалган видеони Apple’нинг келажакдаги автомобили деб ҳисобламоқда.
Трекбол-ғилдираклар — фантастларнинг азалий орзуси бўлиб, видеода тасвирланган модель компьютер графикаси ҳисобланди. Таъкидланишича, унда 2013 йилги Mercedes-Benz концепт-карининг 3D-модели тасвирланган. Видео муаллифи Mercedes-Benz AMG Vision Gran Turismo’га Apple логотипини «ёпиштирган». Трекбол-ғилдираклар эса физик жиҳатдан имконсиз (ҳозирча).
Аввалроқ Тайваннинг Economic Daily News сайти Apple 2021 йилнинг сентябрига бориб ўзининг биринчи автомобилини тақдим этишни режалаштираётганини маълум қилганди.
Ҳисоботда айтилишича, Apple 2021 йилнинг иккинчи чорагида эҳтиёт қисмларнинг етказиб берилиши ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришган. Шунингдек, компания Калифорния йўлларида ўнлаб прототиплар «махфий режимда» синовдан ўтказаётгани ҳақида сўз боради.
Эслатиб ўтамиз, Apple автопилотни синовдан ўтказиш бўйича рухсатномани 2017 йилда қўлга киритган. Компания ўз автомобилини яратишга тайёрланаётгани тўғрисидаги миш-мишлар камида 5 йил олдин тарқалишни бошлаган. Хусусан, 2015 йили Apple 2019 йилгача ўз электромобилини тақдим этиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)