Қозоғистонда Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси ишлаб чиқарила бошланди, деб хабар бермоқда «Коммерсантъ» республика ҳукумати матбуот хизматига таяниб. Ишлаб чиқарилган вакцина билан оммавий эмлаш 2021 йил февралда бошланади.
«Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин Қозоғистон республикаси ва Россия президентлари Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин ўртасидаги келишувларни амалга ошириш доирасида Қарағанди фармацевтика мажмуасига ташриф буюриб, ‘Спутник V’ вакцинасини ишлаб чиқаришга старт берди», — дейилади ҳукумат хабарида.
Мажмуа базасида босқичма-босқич 2 миллион доза вакцина ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда, «Спутник V» билан оммавий равишда кўнгилли тарзда эмлаш 2021 йил февралида бошланади. Биринчи навбатда тиббиёт ходимлари, педагоглар, талабалар, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, тиббий-ижтимоий муассасалар беморлари, сурункали касалликларга эга хавф гуруҳи вакиллари эмланади.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россия билан ҳамкорликда вакцина ишлаб чиқарилиши бошланиши ҳақида айтиб ўтган эди. Унинг сўзларига кўра, шунингдек, Қозоғистон вакцинаси ҳам ишлаб чиқарилади ва у экспорт ҳам қилинади. Тўқаев маҳаллий дори синовда яхши натижалар кўрсатаётганини айтди.
Қозоғистонда COVID-19’га чалинганлар сони 190 минг, вафот этганлар эса 2,6 минг кишидан ошган.
Аввалроқ Қозоғистонда кўнгиллиларни коронавирусига қарши маҳаллий QazCovid-in вакцинаси билан эмлаш бошланган эди.
Изоҳ (0)