Хабар берилганидек, Туркиянинг Коня шаҳрида 7 декабрдан 17 декабргача буюк мутафаккир Жалолиддин Румий вафотининг 747 йиллиги муносабати билан «Шаби арус» маросимлари доирасида тадбирлар ўтказилмоқда. Унда ўзбекистонлик журналистлар ҳам иштирок этмоқда.
Сафарнинг илк кунида ОАВ вакиллари «Панорама» музейи ҳамда Мавлоно мажмуаси, Ирфан свилизацияси ва маданиятни тадқиқ қилиш марказларига ташриф буюрди.
Панорама музейи
Коня панорама музейи шаҳар муниципалитети томонидан 2017 йилда ишга туширилган бўлиб, ўша йилнинг декабрида дарвозаларини ташриф буюрувчилар учун очган янги туристик ҳудудлардан саналади. Музей Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳаёти билан бирга, шаҳарнинг XIII асрдаги тарихини ҳам сўзлайди. Музей Ирфан свилизацияси ва маданиятни тадқиқ қилиш марказининг бир қисми бўлиб, марказнинг ички қисмидаги алоҳида 2 та тизимдан иборат. Панорама қисмида Мавлоно Румийнинг ҳаёт йўли акс этган музей, панорама зали, дунё бўйича 25 та Мавлавий уйларининг макетлари жой олган, 17 та гумбаз билан қуршалган ҳовли мавжуд. Ҳовли даҳлизлари минятуралар, суратлар ва қўл меҳнати намуналари билан безатилган. Музейнинг галерея қисмида Румийнинг туғилишидан то вафот этгунига қадар бўлган умр йўли мой бўёқларда очиб берилган. Шунингдек, унинг дафн маросимига келган турли диндаги меҳмонларни тасвирлаш орқали Коня сабр-қаноат шаҳри эканлиги ҳам чуқур маъно билан ифодаланган.
Гумбазли панорама шаклидаги музей майдони 4460 метр квадрат, уни катта сополли темир дарвозалар ўраб туради. Музейни қуришдан асосий мақсад Конянинг XIII асрлик тарихи, одамлари, хусусан, Жалолиддин Румийнинг босиб ўтган ҳаёт йўли билан жонли таништиришдан иборат.
Галерея зали
Панорама зали
Музейнинг энг ёрқин қисми бу панорама залидир. Мумдан ясалган ҳайкал ва суратлар Конянинг XIII асрдаги кўринишини бор бўйича тасвирлайди. Буюк Ипак ва зираворлар йўлининг марказидан ўрин олган Конядаги тижорий ҳаёт, салжуқийлар султони Кайхусрав ИИнинг сарой дарвозаларидан кириб келиши, Румийнинг илк марта темирчилар шовқинида сема ижро этганини томоша қилиш мумкин. Шу тарзда ягона панорамада Коня шаҳрининг XIII асрдаги санъат, тарих, савдо-сотиқ ва меъморчилик соҳаларидаги фаолиятининг гувоҳига айланиш имконияти бор.
Музей шаҳидларнинг яқинлари, уруш фахрийлари, 65 ёшдан катта ва 7 ёшгача болаларга бепул. Талабалардан 2 лира, аҳолидан 5 лира тўлов олинади. Ногиронлар ва қариялар учун шароитлар ҳам инобатга олинган. Лифт ёрдамида ногиронлар музейни ўз аравачаларида айланиш имкониятига эга. Бу ерда экскурсовод, турли тилларда сўзлашувчи гидларнинг хизматидан ҳам фойдаланиш мумкин. Музей 2018 йилнинг июнь ойида Тарихий шаҳарларни қўллаб-қувватлаш Кенгаши томонидан мукофотлангани унинг машҳурлигини ошириб, ўз услубини ҳосил қилишида катта ёрдам берган.
Ирфан свилизация ва маданиятни тадқиқ қилиш маркази
Коня буюкшаҳар муниципалитети Инсон ва илм фонди билан биргаликда Ирфан свилизация ва маданиятни тадқиқ қилиш марказида қадимий маданий бойликларнинг ҳимояланиши ва аслига хос равишда тикланиши йўлида илм ҳамда ҳунар ўргатади. Марказ турк ва ислом санъати намуналари асосида қурилган бўлиб, унда Панорама музейи, семахона, анжуманлар зали ва устахоналар ўрин олган. Марказда ҳар ҳафтада сема, текке мусиқаси, мусиқий асбобларда куй чалиш ва ҳоказолар бўйича тренинглар, маҳорат дарслари, панелли семинарлар олиб борилади.
Марказда чарм, эбру санъати, жунга ишлов бериш, най, рубоб, тикувчилик, тасбеҳ, тежиб, ҳуснихат каби устахоналар бор.
Жалолиддин Румий, деганда кўз олдимизга само рақси келади. Марказ Мавлоно таълимоти асосида само рақси ўқув курсларини ўтказади. Ушбу курсни битириб малакага эга бўлган номзодлар Ирфан свилизация ва маданиятни тадқиқ қилиш марказида айланувчи дарвешлар сифатида ўз ўрнини топиши ва тадбирларда қатнашиши мумкин. Само рақсида дарвешлар оппоқ, узун либосларини ҳилпиратган ҳолда, доира садосига секин-аста айлана бошлашади. Рақс диний маросим ҳисобланиб, у дарвешлар учун худога яқинлашиш йўли саналади.
Само рақсининг вужудга келиши бевосита Мавлоно Румий номи билан боғлиқ. Афсонларга кўра кунлардан бир куни Мавлоно шаҳар бозорларидан бирида тиллага шакл бераётган темирчиларнинг зарбидан келаётган овоздан илҳомланиб қўлларини ёйиб айлана бошлайди. Шундай қилиб само рақси ва дарвешларнинг мавлавия ордени вужудга келган, дейишади. Само маросими илдизлари билан форс ва турк маданиятига бориб тақалади ҳамда шарқ анъаналари билан муқояса қилинади.
Изоҳ (0)