Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2020 йилнинг 14 декабрь куни Чехиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Вацлав Йилекни қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Вазир ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб, элчини юқори ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади ва унга муваффақиятли фаолият тилади.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон—Чехия ҳамкорлигини ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Бўлажак турли даражадаги икки томонлама тадбирлар, жумладан, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини ўтказиш билан боғлиқ амалий масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва Чехия ўртасида иқтисодий дипломатияни ривожлантириш, Ўзбекистон иқтисодиёти соҳаларида лойиҳаларни амалга оширишда Чехиянинг тўғридан-тўғри инвестициялари ва технологияларини жалб қилишдан ўзаро манфаатдор эканлигини тасдиқлади.
Аввалроқ Абдулазиз Комилов Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаётган Руминиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Ромео Станчуни қабул қилганди.
Изоҳ (0)