Tesla Motors компанияси Германиядаги янги заводини қуриш учун мўлжалланган ҳудуддаги дарахтларни кесишни тўхтатди, деб хабар беради Autonews.
Бу қарор Франкфурт-на-Одере суди томонидан маҳаллий экологлар даъвосига кўра қабул қилинган. Экологларнинг таъкидлашича, ушбу ўрмон ҳудудида илонлар ва калтакесаклар қишлайди.
Судга «Табиат ва биологик хилма-хилликни қўриқлаш иттифоқи» (NABU) ва «Яшил лига» вакиллари мурожаат қилган. Экологларнинг ҳисоблашича, Берлин яқинида жойлашган ҳудуддаги дарахтларни кесиш маҳаллий заҳарсиз тангаилон ва чаққон калтакесакларнинг қирилиб кетишига олиб келиши мумкин.
Ўтган ҳафта Tesla қўшимча равишда яна 83 гектар майдондаги қарағайларни кесишга рухсат олган бўлиб, америкаликлар бу ерда омбор ва канализация коммуникацияларини қуришни режалаштирган. Шунингдек, Tesla’нинг маълум қилишича, ушбу ҳудуддаги барча ҳайвонлар ушланиб, бошқа жойга кўчирилган. Бироқ NABU раҳбари Кристиан Шредернинг таъкидлашича, бунинг «мутлақо имкони йўқ». Шунингдек, эколог ўрмондаги дарахтларнинг кесилиши ҳатто лойиҳа ҳудудига кирмайдиган табиат зоналарига ҳам таъсир кўрсатишини қайд этган.
Tesla Motors 2020 йил бошидан «Гигафабрика 4» номини олган Европадаги биринчи заводини қуришга фаол киришган. Завод Берлин яқинида жойлашган бўлиб, у 300 гектар ҳудудни эгаллайди — бу 420 та футбол майдонига тенг демак.
Тўртинчи «Гигафабрика»нинг қурилиши бошланганидаёқ қатор қийинчиликлар юзага келган. Масалан, январь ойида ишлар Иккинчи жаҳон урушига тегишли ўнлаб портламай қолган снарядлар сабаб тўхтатилган эди. Кейинроқ эса маҳаллий «яшил» фаоллар оммавий норозилик намойишларини ўтказа бошлаган. Tesla раҳбарияти завод ҳудудининг атрофига кесилганидан уч баробар кўпроқ дарахт экишга ваъда берган, бироқ экологлар ҳайвонларни қутқариб қолишнинг имкони йўқлигини таъкидламоқда. Февраль ойида экологлар суд орқали Tesla’га ўрмондан йўқолиб кетиш хавфи остида турган чумолилар, судралувчи ва кўршапалакларни кўчириш мажбуриятини юклаган эди.
Изоҳ (0)