Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишлар олдини олиш ва барча истеъмолчилар эҳтиёжини бир маромда қондириш мақсадида маълум меъёрдан ортиқча ишлатилган электр энергияси учун устама қиймат белгиланиши мумкин. Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев маълум қилди.
Хўжаевнинг қайд этишича, Ўзбекистонда 1990 йилларда умумий электр энергияси истеъмолида аҳолининг улуши 9,5 фоизини ташкил қилган бўлса, ҳозирги вақтда бу кўрсаткич 25 фоизга етган. Айни вақтда, аҳоли истеъмоли даражаси кун давомида тонгги ва кечки вақтларда, ёздаги жазирама ва қишдаги қаҳратонлар вақтида сезиларди ўзгариб туради.
Унинг таъкидлашича, «электрни чегаралаб қўйиш, ишлатмагин дейиш нотўғри», аммо «ундовчи механизмлар»дан фойдаланиш керак. Масалан, меъёрдан ортиқча фойдаланганлик учун қўшимча нарх белгиланса, электр энергияси исрофгарчгилигининг олдини олиш, айни вақтда, узилиш бўлаётган ҳудудга кўпроқ электр етказиб берилишига эришиш мумкин.
«Биз бу қарорга келишда халқаро экспертларни жалб қилиб, ўрганишлар олиб бордик. Бу тизимни жорий қилишда жуда эҳтиёткорона ёндашишимиз керак. Чунки истеъмолчи электр токини чиндан ҳам зарурлиги учун ишлатаяптими ёки хонадонининг тўртта хонасида ҳам кондиционерни ёқиб қўйиб исроф қиляптими, буни билмаймиз. Албатта, пухта ўйланган, кенг қамровли қарор қабул қиламиз», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг январь ойида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тажриба тариқасида электр энергияси истеъмоли бўйича базавий меъёрлар жорий қилинган эди. Унга кўра, бир абонент учун ойлик истеъмол миқдори 300 киловатт соат этиб белгиланган, бу меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган энергия ҳажми учун тўлов ҳисоблашда 1,2 баравар миқдоридаги оширилган коэффициент қўлланилиши белгиланган эди. Ушбу тажриба 2020 йилда коронавирус пандемияси сабабли бекор қилинган.
Изоҳ (0)