АҚШ Хитойдаги Шинжон қурилиш ва ишлаб чиқариш корпуси билан боғлиқ компаниялардан пахта ҳамда текстиль маҳсулотларининг импортига тақиқ қўйди. Бу ҳақда АҚШ Божхона-чегара хизматига таяниб, «Коммерсантъ» хабар берди. Ҳарбийлаштирилган корпус Хитойдаги энг йирик пахта етиштирувчилардан бири ҳисобланади.
Корпусга нисбатан санкция 2020 йилнинг июлида «Магницкий акти» бўйича жорий этилганди. Санкцияларнинг қўлланилишига ишлаб чиқариш жараёнида уйғурлар меҳнатидан мажбурий фойдаланилаётгани тўғрисидаги маълумотлар сабаб бўлган. 1 декабрдан сўнг АҚШ компаниялари ўзларининг етказиб бериш занжиридан Шинжондаги корпусга боғлиқ корхоналарни чиқариб ташлаши керак.
Аввалроқ АҚШ хориждаги активлар назорати бошқармаси Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном ҳудудида инсон ҳуқуқлари меъёрларининг бузилиши сабаб мазкур вилоятдаги амалдорларга нисбатан янги санкцияларни қўллаган эди. «Президент Трамп ва Америка халқи Хитой коммунистик ҳукумати томонидан амалга оширилган инсон ҳуқуқларининг бузилишига қараб турмайди», — деган эди АҚШ Миллий хавфсизлик вазирлиги бошлиғи вазифасини бажарувчи Кен Кучинелли.
ОАВ ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, июлда Adidas, Lacoste, H&M, Calvin Klein ва бошқа жаҳон компанияларининг кийим-кечакларини ишлаб чиқаришда уйғурлар мажбурий меҳнатидан фойдаланилган.
Изоҳ (0)