Украинада Туркия компаниялари брендлари остида сотилаётган текстиль маҳсулотларининг 80 фоизи аслида Ўзбекистонда тайёрланган. Бу ҳақда Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенко маълум қилди, дея хабар беради «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев.
Дорошенко 2020 йил 2 декабрь куни Наманганда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов билан учрашди. Мулоқот давомида текстиль, туризм, тиббиёт, таълим, қишлоқ хўжалиги ва спорт йўналишларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
— Мамлакатимизда Туркия брендлари остида сотилаётган текстиль маҳсулотларининг аксарияти аслида Ўзбекистонда тайёрланаётганини яхши биламиз. Ўзбекистонда эса Наманган вилояти тўқимачилик саноати маркази ҳисобланади. Шу боис тўғридан-тўғри, воситачиларсиз алоқаларни йўлга қўйиш, қўшма корхоналар очиш, Наманган текстиль маҳсулотларининг Украинага экспорти улушини ошириш вақти келди деб ҳисоблайман, — деди Николай Дорошенко.
Украина элчиси Наманганга ташрифи давомида қатор маҳаллий текстиль корхоналарида бўлди, уларда тайёрланаётган маҳсулотлар сифатига юқори баҳо берди.
Маълумот учун, бугунги кунда Наманган вилоятида 1700 дан ортиқ текстиль корхоналари рўйхатдан ўтган. Уларда 50 минг киши меҳнат қилмоқда. 2020 йилнинг ўзида вилоятдан хорижга 150 миллион долларлик текстиль маҳсулотлари экспорт қилинган.
Изоҳ (0)