Парламент сайловларида мухолифат ғалаба қозонган тақдирда Венесуэла президенти Николас Мадуро истеъфога чиқишга тайёр. Бу ҳақда давлат раҳбари Каракасда сўзлаган нутқида маълум қилди, деб ёзади «РБК».
«Агар мухолифат ғолиб бўлса, мен президент лавозимидан кетаман», — деди Мадуро давлат телевидениеси орқали узатилган нутқида.
Миллий ассамблея — Венесуэланинг бир палатали парламентига сайловлар 6 декабрда бўлиб ўтади. Уларда 107 та партия ва сиёсий бирлашма қатнашади. Собиқ спикер ва ўзини мамлакат президенти деб эълон қилган Хуан Гуайдонинг партияси сайловларда иштирок этишдан бош тортди.
Хуан Гуайдо 2019 йил январида ўзини мамлакатнинг вақтинчалик президенти деб эълон қилган эди. Ўшанда Венесуэлада оғир иқтисодий шароит фонида оммавий намойишлар бошланган эди. Намойишчилар ва мухолифат ҳукуматни «Петрокарибе» нефтини имтиёзли равишда етказиб бериш бўйича Венесуэла дастури орқали олинган кредитларни суиистеъмол қилганликда айблади.
Венесуэланинг амалдаги президенти Николас Мадуро АҚШ билан дипломатик алоқалар бузилганини эълон қилгач, АҚШ Хуан Гуайдони «ўтиш даврининг президенти» деб атаган. Гуайдони, шунингдек, Исроил, Буюк Британия ва Нидерландия каби давлатлар ҳам Венесуэла президенти сифатида тан олган. Россия эса Мадуро ҳукуматини қўллаб-қувватламоқда.
Изоҳ (0)